Миср муваққат раҳбари қасамёд қилди

  • 4 Июл 2013
Image caption Адли Мансур Муҳаммад Мурсий ўрнига муваққат раҳбар этиб қасамёд келтирган

Миср президенти Муҳаммад Мурсий ағдарилиши ва уй қамоғига олинишидан бир неча соат ўтиб, мамлакат Конституциявий маҳкамасининг катта ҳаками, Адли Мансур, Миср муваққат раҳбари сифатида қасамёд қилган.

Армия бошлиғи генерал Абдул Фаттоҳ ал-Сисий бу ҳақда чоршанба куни эълон қилган.

Жаноб Мурсий ўзининг президентликдан четлатилишини "ҳарбий тўнтариш" деб атаган.

Генерал Сисий Мисрнинг илк эркин сайланган президенти жаноб Мурсий "халқ талабларига жавоб бера олмади" деб айтган.

Тўнтариш Исломий президентга қарши бир неча кун давом этган оммавий чиқишлар ортидан юз берган.

Намойишчилар Муҳаммад Мурсий ва "Мусулмон Биродарлари"ни Исломий давлатни қуришни режалаштириш ва Миср иқтисодий муаммоларини бартараф эта олмасликда айблаганлар.

Якшанба куни бошланган тартибсизликларда 50 нафарга яқин инсон ҳалок бўлган.

Жаноб Мансур тўрт кун муқаддам Олий Конституциявий Маҳкаманинг бош ҳаками этиб тайинланганди.

У пайшанба куни аввалига бош ҳакам сифатида ва сўнгра давлатнинг муваққат раҳбари сифатида қасамёд келтирган.

Армия конституция бекор қилингани ва янги сайловлар ўтказилишини эълон қилиши ортидан жаноб Мурсий рақиблари тунни Қоҳирадаги Таҳрир майдонида мушак отиш ўтказган.

Аммо Мурсий тарафдорлари ва хавфсизлик кучлари ўртасида Қоҳира ва Искандарияда юз берган тўқнашувларда кўплаб одамлар ҳалок бўлган.

Жаноб Мурсий бошчилик қилган "Мусулмон Биродарлари" сўзчиси Геҳад ал-Ҳаддод Би-би-сига ағдарилган президент уй қамоғига ва "президент жамоасининг барча аъзолари" эса ҳибсга олинганини айтган.

Давлатга қарашли ал-Аҳрам газетасининг хабар беришича, "Мусулмон Биродарлари" 300 нафар раҳбарини қамоққа олиш буйруғи чиққан.

АҚШ президенти Барак Обама сўнгги ҳодисалардан "чуқур хавотир"га тушганини айтган.

Бу мавзуда батафсилроқ