Миср: армия Мурсий тарафдорларига қарата ўт очди

  • 5 Июл 2013
  • изоҳлар
Image copyright c
Image caption Армия 'тинч намойишлар'га рухсат беришини айтган

Миср хавфсизлик кучлари ағдарилган Президент Муҳаммад Мурсий тарафдорларига қарата ўт очиши натижасида уч киши ҳалок бўлган.

Ҳодиса Қоҳирадаги Президент гвардияси қароргоҳининг зобитлар клуби ташқарисида юз берган.

Жаноб Мурсий шу ерда ҳибсда ушлаб турилган, деб ишонилади.

"Мусулмон Биродарлари" Муҳаммад Мурсийнинг президентликка қайтарилишини талаб қилишмоқда.

Оммавий норозилик намойишларига жавобан Мурсийни ҳокимиятдан четлатган Миср армияси Қоҳира кўчаларида қўшинларни жойлаштирган.

Ҳодиса саҳнасида бўлган Би-би-си мухбири Жереми Боуэннинг хабар беришича, Рабаа жомеъ масжидидаги жума намозидан кейин 2000 га яқин Мурсий тарафдорлари зобитлар клубига қараб юришган.

Аскарлар одамларни кўчани кесиб ўтмаслик ҳақида огоҳлантирганлар.

Аммо ғазабнок оломон олдинга қараб илгарилаши ортидан аскарлар ўт очишган.

Аввалига ҳавога, кейин эса намойишчиларга қарата ўт очилгани айтилади.

Би-би-си мухбири кийимлари қонга беланган намойишчилардан бирининг ерга қулаганига шоҳид бўлган.

Аввалроқ Миср армияси "тинч намойишларга рухсат бериши"ни айтганди.

Янги муваққат Президент Адли Маҳмуд Мансур "халқнинг ҳақиқий иродаси"га таянган сайловлар ўтказишга ваъда берган.

"Мусулмон Биродарлари" раҳбари Жеҳад ал-Ҳаддад янги тузум билан ҳамкорликдан бош тортган.

Мисрнинг биринчи эркин сайлаб қўйилган раҳбари Муҳаммад Мурсий ва "Мусулмон Биродарлари"нинг бошқа қатор юқори мартабали аъзолари ҳибсда қолишаётир.