Абу Қатада Британиядан Иорданияга депортация қилинди

Image caption Абу Қатада депортация қилинишига қарши саккиз йил курашди.

Мусулмон даъватчи Абу Қатада Британиядан сиртдан бир умрлик қамоқ жазосига ҳукм қилинган Иорданияга етказилган. У ерда Қатадани терроризм айблови бўйича маҳкама кутаяпти.

Абу Қатада бўлган махсус учоқ якшанба куни тонг саҳар Британиянинг Нортхилт базасидан учиб кетган.

Иорданиядаги манбаларнинг Би-би-сига айтишича, беш соатлик парвоздан сўнг мусулмон даъватчи тўғри давлат хавфсизлиги махсус маҳкамасига етказилган.

Айблов ўқиб эшиттирилгач, Қатада турмага олиб кетилади.

Британия ҳукумати Абу Қатадани миллий хавфсизликка зиён етказувчи ҳисоблаб, 10 йил давомида депортация қилишга ҳаракат қилиб келди.

Ҳақиқий исми Умар Усмон бўлган Абу Қатада бир неча бор ўзининг депортация қилиниши ҳақидаги қарорни тўхтатишга эришган эди.

Қатаданинг ҳимоячиси Иорданияда Абу Қатадага қарши кўрсатмаларда қийноқлар ишлатилмаслигига шубҳа қилишини айтган.

Иордания ҳукумати Британияга имом хавфсизлиги юзасидан етарли кафолатни берган.

Ниҳоят Британия ва Иордания ўртасида уни "қийноқларга солинмаслиги" ҳақидаги келишув имзолангач, бу масалага нуқта қўйилди.

Иордания расмийлари Қатада устидан маҳкама халқаро талаблар даражасида, шаффоф ва адолатли бўлишини ваъда берган.

Айтилишича, Абу Қатадани депортация қилиш бўйича кўп сонли маҳкамалар Британия ғазнасига 1,7 миллион фунт стерлинг(2,5 млн. доллар) га тушган.

Илк бор 2007 йилда Қатадани депортация қилиш ҳақида муҳожирлар ишини кўриб чиқадиган махсус комиссия қарори чиқарилган.

Image caption Қатада Иорданияга парвоз қилган учоқда яна олти киши бўлган.

Абу Қатадани Белмаршдаги қаттиқ тартибдаги қамоқхонадан ярим тунда полиция қўриқчилигида ҳарбий базага олиб келинган.

Учоқда Иордания махсус хизматининг уч ходими, шифокор, руҳшунос ва Қатаданинг ҳимоячиси бўлган.

"Бу хавфли шахсни мамлакатимиздан чиқариб, ўз ватанида маҳкамага юз тутишига эришдик", деб айтган Британия Ички Ишлар вазири Тереза Мэй.

Абу Қатада 20 йил олдин Британияга қочқин бўлиб келган. Иорданияда унга Америка мактаби ва сайёҳлар борадиган жойларни портлатишни уюштириш айбловлари қўйилган.

Бу мавзуда батафсилроқ