Хитой телевидениеси "Луқчун террорчиси"ни намойиш этди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Фаолларга кўра, мусулмон оилаларга эркакларнинг соқол қўйгани, аёлларнинг рўмолга ўрангани учун босимлар кўпайиб бораяпти.

Хитой давлат телевидениеси Шинжон Уйғуристонидаги зўравонликларга алоқадор кадрларни намойиш этган.

Хитой расмийларига кўра, 26 июн куни Луқчун шаҳарчасидаги "террорчилик ҳужумлари" оқибатида 35 киши ҳалок бўлган.

Расмийларнинг айтишича, Луқчундаги ноқонуний гуруҳнинг айрим аъзолари ҳибсга олинганидан кейин қолган аъзолари полиция идораси ва полиция ходимларига ҳужум қилганлар.

Айни пайтда Уйғур фаоллари сўнгги зўравонликлардан кейин ўнлаб инсонлар ғойиб бўлганини хабар қилмоқдалар.

2009 йилдаги қонли ҳодисаларда ҳалок бўлганларнинг яқинларига Урумчи шаҳрига кириб яқинларининг ўлимини хотирлашга изн берилмагани танқидларга тутилмоқда.

7 июл куни Хитой давлат телевидениеси Луқчун шаҳридаги полиция идораси олдидаги кузатув камераларида тасвирга олинган кадрларни намойиш этган.

Оқ-қора тасвирдаги бу кадрларда бир неча шахслар полиция идораси ҳовлисига югуриб кираётгани, у ерда турган автомобилларнинг деразаларини уриб синдириб, автомобилларнинг ичига ёқилғи тўлдирилган идишлар отганлари, бино ичкарисидан югуриб чиққан полиция ходимлари бу одамларни қуваётгани акс этган.

Хитой расмийларига кўра, "террорчиларнинг гуруҳи" полиция идораси, ён-атрофдаги дўконлар ва қурилиш кетаётган жойдаги одамларга ҳужум қилганлар.

Хитой телевидениеси ерда ётган бир неча жасадни кўрсатган ва уларнинг полиция ходимлари экани айтилган.

"Биз эшикни очишимиз билан улар бизга пичоқлар билан ташланишди", деб айтган Луқчун полицияси бошлиғи Ли Чанқинг.

Сўнг телевидение бошидан яраланган ва оёқлари кишанланган маҳбусни кўрсатган. Унинг 31 ёшли ҳужумчилардан бири экани айтилган ва унинг номи Йиблайон Али, деб айтилган.

Луқчундаги зўравонликлардан кейин Би-би-си у ерга бориб вазиятни ўрганишга ҳаракат қилган, бироқ Би-би-си мухбирларининг у ерга боришларига рухсат берилмаган эди.

Хитой расмийларининг Уйғурлар содир қилди деб айтадиган "террорчилик ҳужумлари"ни мамлакат ичкариси ва четдаги Уйғурлар бошқа талқинини ошкор қилганлар.

Фаолларга кўра, Хитой расмийларининг мусулмон оилаларга эркакларнинг соқол қўйгани, аёлларнинг рўмолга ўрангани учун босимлар кўпайиб бораяпти. Оқибатда мана шундай ҳужумлар сони кўпаймоқда.

Бугунга келиб 30 июн куни Шинжоннинг Қирғизистон чегарасига яқин Атуш шаҳрида икки киши ҳалок бўлгани, шундан кейин рейдлар бошлангани ва бир эркакни уйидан олиб кетаётган пайтлари хотини йиқилгани ва шифохонада ҳаётдан кўз юмгани ҳақидаги хабарлар тарқалди.

Кейинроқ Хўтанда маҳаллий имом қамоққа олинишига қарши норозилик уюштирган Уйғурларга қарши Хитой полицияси ўт очганини расмийлар тасдиқлашди.

Шу кеча-кундузда Шинжонда Уйғурлар билан хитойлик ҳанлар ўртасидаги қонли тўқнашувлар бўлиб ўтганига роппа-роса 4 йил бўлди.

Шу муносабат билан Пекин Университети профессори Илҳом Тўхта Хитой раҳбариятига мурожаат билан чиққан ва ўша зўравонликлардан кейин бедарак кетган 37 инсоннинг тақдири номаълум қолаётганини маълум қилган.

"Уйғур халқининг яралари битгани йўқ" деб номланган мақолада Илҳом Тўхта инсонларни бедарак кетиши ва яқинларига жабр-азобларига сабабчи бўлганлар, шунингдек, ўз қариндошлари тақдирини аниқлаштиришга ҳаракат қилган оилаларга тазйиқлар ўтказганларни жавобгарликка тортишга чақирган.

Жаноб Тўхтанинг ўзининг очиқ хатида Урумчидаги қонли ҳодисалардан кейин 18 минг киши ҳибсга олинганини маълум қилади.

Хитой расмийларига кўра, 2009 йил июлидаги қонли ҳодисаларда 200 одам ҳалок бўлган, 1800 дан ортиқ киши яраланган.

Ўшанда Урумчи шаҳрида яқинларини йўқотган Уйғурлар 5 июл куни оламдан ўтган яқинларини хотирлаш учун шаҳарга киришга ҳаракат қилганлар.

Бугун маълум бўлишича, таъзияга бораётганларни расмийлар Урумчи шаҳрига қўймаганлар, уларга шаҳарда аксилтеррор машғулотлари бўлиб ўтаётгани сабаб қилиб кўрсатилган.