Сан-Францискода Жанубий Корея учоғи ҳалокатга учради

Image caption Учоқ бортида 292 йўловчи ва 16 экипаж аъзоси бўлган.

Жанубий Кореянинг Asiana ҳаво ширкатининг Boeing 777 учоғи Сан-Франциско аэропортига қўнаётган пайтда ёниб кетган.

Фавқулодда қўнишга мажбур бўлган учоқ ҳалокатида икки инсон ҳалок бўлган, 180 киши жароҳатланган.

Сеулдан учиб келаётган учоқ бортида 292 йўловчи ва 16 экипаж аъзоси бўлган.

Корея матбуоти расмийларга таяниб хабар тарқатишича, ҳалокат оқибатида икки Хитой фуқароси ҳалок бўлган.

Шифохонага ётқизилган 10 инсоннинг аҳволи жуда оғир экани хабар қилинмоқда, уларнинг икки нафари бола.

Ҳалокатга нима сабаб бўлгани аниқ эмас.

Boeing 777 учоғи 300 йўловчи таший олади, Сеулдан Сан-Францискогача парвоз 10 соат 23 дақиқа давом этган.

Учоқ йўловчиларидан бирининг CNN телеканалига айтишича, учоқ ерга қўниши билан аланга олган.

Сўнг бир томонга қийшайиб кетиб, бир қаноти узилиб тушган.

Учоқ ҳалокати ҳақидаги хабар ва унинг суратлари бир зумда Twitter орқали тарқаган, йўловчилардан бири ўзларининг омон қолганларини айтган ва бунга ишониб бўлмайди, деган.

Қутқарувчилар ва ўт ўчирувчилар тезда етиб келганлар, йўловчилар зудлик билан эвакуация қилина бошланган.

Йўловчилардан бири авиаҳалокатни 11 сентябр портлашларига қиёслаган."Бундай ҳодисани 11 сентябрдан буён кўрмаган эдим", деган у.

Хабар қилинишича, Asianaҳаво ширкати учоғи 10 соатдан ошиқ парвоздан сўнг қўнаётган бўлган.

Ҳалокат тафсилотлари ўрганилаётганлиги айтилмоқда.

Asiana ширкати таъкидлашича, ҳалокатга учраган учоқ двигателида илгари муаммолар бўлмаган ва учоқнинг ўзи ҳам деярли янги бўлган.

Бу мавзуда батафсилроқ