Хитой собиқ вазири ўлим жазосига лойиқ топилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Коррупцияга қарши курашнинг энг юқори лавозимли қурбони

Хитой маҳкамаси собиқ Темир йўллар вазири Лю Чизюнни порахўрлик ва мансаб ваколатларини суистеъмол қилгани учун ўлим жазосига ҳукм қилган.

Аммо ҳукм ижро этилиши қолдирилган.

Лю ўтган 25 йилдан ортиқроқ вақт давомида 10 миллион АҚШ долларидан кўпроқ пора олишда айбланган.

Қораловчиларга кўра, Лю ҳукумат шартномаларини ширкатларга пора эвазига тортиқ қилган.

Лю Хитой янги раҳбариятининг коррупцияга қарши кураши “қурбони” бўлган энг юқори лавозимли мулозимдир.

Хитойнинг Темир йўллар вазирлиги шу йил Март ойида тарқатиб юборилганди.

Лю жаноблари Пекиндаги маҳкамада ҳукм қилинди.

Уни ўлим жазосига лойиқ топдилар, аммо икки йиллик муҳлат билан жазо қолдирилди.

Собиқ вазирнинг шахсий мол – мулки ҳам мусодара этилади.

Аммо Лю жанобларининг ўлим жазоси ижро этилмайди.

Хитойда одатда ўлим жазоси умрбод қамоқ жазоси билан алмаштирилади.

Собиқ вазир Хитой коммунистлар партияси сафидан май ойида ҳайдалган эди.

Хитойнинг тезюрар темир йўлларида "ғовлар"

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Хитой тезюрар поездлари

Хитойнинг тезюрар поездлар тармоғи дунёдаги энг йирик тармоқ саналади.

Аммо сўнгги йиллар айни темир йўллар хавфсизлик нуқтаи назаридан танқид остида қолмоқда.

Темир йўллардаги носозлик бир неча бахтсиз ҳодисаларга сабаб бўлгани айтилади.

Ана шундай ҳодисалардан бири 2011 йилда рўй берган ва унда қирқ киши қурбон бўлганди.

Ҳукуматнинг камида икки текшируви бу соҳада кўзбўямачилик ва давлат маблағини суистеъмол қилиш ҳолларини аниқлаган.