Олий Маҳкама Ставропол ўлкасида ҳижобларга тақиқ қарорини дастаклади

Image caption Мусулмон қизлар Ставропол ўлкасида мактабларидан четлаштириладими?

Россия ахборот агентликлари хабарларига кўра, Ставропол ўлкаси маъмуриятининг ҳижобли қизларни мактабга киритмасликка доир қарори Олий Маҳкама томонидан дастакланган.

Эндиликда асосан мусулмон оилалардан бўлган ўқувчи қизларнинг исломий либосларда ва ё рўмол ёпиниб мактабларга келишолмайди.

Ставропол ўлкаси мусулмонлари маъмуриятнинг айни қарорига қарши Олий Маҳкамага мурожаат қилишганди.

Уларнинг айни қарор устидан шикоятлари қондирилмади.

Ставропол ўлкасидаги мактаб директорларидан бири, ҳали 2012 йил октябр ойида ҳижобга ўзига хос тақиқ жорий этганди.

Бу орада можарога президент Владимир Путин ҳам аралашиб Россиянинг дунёвий давлат эканини урғулаган ва мактабларда ҳижоб тақиқини қўллаб қувватлаганди.

Россияда катта сондаги мусулмон аҳоли истиқомат қилади.

Мутахассисларга кўра, Россия президенти мамлакат дунёвийлигини қанчалар таъкидламасин, ҳижоб масаласини бир томонлама ҳал этишнинг мутлақо имкони йўқ.

Ҳижобли Россия

Image caption Татаристонда ҳижобга нисбатан тоқатлироқ муносабат шаклланган

Татаристонда мактаб ўқувчиларининг ҳижоб кийишига расман рухсат этилган.

Доғистон ва Чеченистонда эса ҳижобни тақиқлаш масаласи кун тартибига чиқиши ўта мушкул дейди кузатувчилар.

Ҳижобни тақиқлаётган Ставропол ўлкаси эса Россиянинг мусулмон аҳолиси кўплаб яшайдиган Чеченистон ва Доғистонга чегарадошдир.

Биринчи сентябда эса бутун Россия бўйлаб таълим ҳақида янги қонун кучга киради.

Бу қонунда мактаб формаси жорий этилиши ва янги тартиб мактаб раҳбарияти ихтиёрида бўлиши айтилади.

Ставропол ўлкаси мусулмон оилаларининг адвокати Олий Маҳкаманинг сўнгги қарори юзасидан арз қилишини айтган.

Мурод Мусаевга кўра, минтақа маъмуриятлари фуқароларнинг конституцион ҳуқуқларига доир қарор беришга ҳақлари йўқ. «Бу масалани фақат федерал қонунчилик идоралари ҳал қилиш ҳуқуқига эга”, деб айтган Мурод Мусаев.

Гарчанд, аксарият Ғарб давлатларида бўлгани каби айни қонун асосан ёрқин ранглар, калта юбкалар ва ўта очиқ кийимлар қаторида йирик заргарлик тақинчоқлар, пирсинг ва норасмий рамзларга қарши қаратилган бўлса ҳам унинг бир банди диний либослар ҳақидадир.

Инсон ҳуқуқлари фаолларига кўра, айни қонунга диний либосларга тақиқ киритилиши жамиятда бўлиниш кайфиятларини кучайтиради.