Ўзбек олимининг "ҳудудий даъволари" Марказий Осиёда эътирозларни уйғотди

Image caption Рустам Абдуллаев асосан рус тилида нашр этилувчи интернет саҳифаларда ўзининг сиёсий иқтисодга оид лавҳалари билан танилган.

Шу кунларда 12news.uz веб сайтида ўзбек академигининг баъзи собиқ Совет республикаларига нисбатан ҳудудий даъволарни илгари суриши кучли эътирозлар ва қозоқ, қирғиз, тожик таҳлилчилари ҳамда ижтимоий тармоқлар фойдаланувчиларининг мутақобил даъволарига сабаб бўлди, деб ёзади Би-би-си мониторинг.

Аксар таҳлилчилар ва веб фойдаланувчилар муаллифнинг "руҳий соғломлиги"ни савол остига олган бўлсалар, баъзи журналистлар сўзларига кўра, мақола Тошкентнинг НАТОга қўшилиш "ташаббуси"га халқаро ҳамжамият муносабатини билиш мақсадида ўзбек расмийлари томонидан атайлабдан чиқарилган бўлиши мумкин.

Итернетда чоп этилган мақола ва шарҳлар Би-би-си Мониторинг томонидан тайёрланган.

Олтин Ўрда

6 июл куни 12news.uz веб сайти "Академик Р. Абдуллаев: Ўзбекистон НАТОга кириши ва баъзи МДҲ мамлакатларига ҳудудий ва бошқа даъволарни илгари суриши керак" номли мақоласини нашр этди. Узунгина таҳлилий мақолада иқтисод фанлари доктори ва академик эканлигини даъво қилган жаноб Абдуллаев Россия ҳудудида 13-асрда мавжуд бўлган мўғуллар давлати - Қизил Ўрдани қайта тиклашни ва бу ҳудудларни Ўзбекистонга қайтаришни таклиф қилади. Унинг даъво қилишича, "кўп асрлик тарихидан келиб чиқиладиган бўлса, Ўзбекистон нафақат собиқ Совет Иттифоқи, балки барча ўзбек давлатларининг меросхўри бўлишга ҳақлидир, уларнинг биринчиси Ўзбекистон дея аталган, аммо рус тарихчилари нотўғри ном берган Қизил Ўрда бўлган."

"Олим" шунингдек Тошкентни НАТОга қўшилишга ва "АҚШ ядровий кучларини" Ўзбекистонгда жойлаштиришга чақиради.

"Бу Осиё қитъасида дунёнинг ҳарбий-сиёсий блоклари ўртасида кучлар мувозанатини таъминлаш учун керак," - деб ёзади Рустам Абдуллаев.

Абдуллаев ким?

Рустамжон Абдуллаев шахсий сайти экани айтилган веб сайтга кўра, жаноб Абдуллаев ўз докторлик рисоласини Санкт Петербург Иқтисодиёт ва Молия Университетида "макроиқтисодий мувофиқлаштиришда жаҳон тажрибаси ва бозор иқтисодига ўтиш даврида МДҲнинг Марказий Осиё мамлакатларида ундан фойдаланиш" мавзусида ёқлаган.

Айни саҳифада айтилишича, Рустам Абдуллаев Наманган Вилояти Норин Тумани халқ назорати қўмитаси раиси сифатида 1990-1992 йилларда ишлаган ва сўнгра қатор қўшма корхона ва ширкатларга бошчилик қилган. ( http://abdullaevrustam.narod.ru)

"2008 йилдан 2013 йил февралига қадар баъзи ташкилотлар ва муассисалар назорат кенгаши раиси бўлган," - дейилади веб саҳифада. Бироқ муассисалар номлари келтирилмайди.

Веб саҳифада илова қилинишича, у 2013 йил 30 январидан буён "Фундаментальная Экономика" илмий-амалий интернет журналининг муҳаррири ҳисобланади.

"1996 йилдан Информатизациялаш Халқаро Академиясининг ҳақиқий аъзосидир," - деб таъкидланади веб саҳифада.

Ёзган мақолалари сарлавҳаларига бир нигоҳ ташланса, жаноб Абдуллаевнинг Путинпараст ва Каримовпарастлиги ҳамда жанжалли миллий қарашларга эга экани ойдинлашади.

Абдуллаевнинг "шахсий вебсайти"да, шунингдек, "Мен Россия Федерациясида Рус Республикасини барпо этиб, уни Ўзбекистон Оврўосиё Иттифоқи деб номлашни таклиф қиламан", "Қирғизистон: халқ бу жиноятилардан иборат оломон эмас", "Ислом Каримов - ўзбек давлати асосчиси", "Путин - 8 йилда Россияни буюк қилган миллий лидер" ва "Рус халқи иронликлардан тарқалмаган ва тожиклар орийлар эмас" номли мақолалар жойлаштирилган.

Веб саҳифага Ўзбекистон ва Россиядан бемалол кириш мумкин.

Қозоқлар ҳудудий даъволари

Қозоқ таҳлилчилари Абдуллаев томонидан илгари сурилган даъволарни жуда жиддий қабул қилишган. Тotak.kz веб сайти мухбирига берган интевюсида сиёсий таҳлилчи Марат Шибутов Қозоғистонни ҳарбий харажатларни ошириш ва қозоқ қўшинлари сонини Ўзбекистонга етказишга чақиради. Унга кўра, Қозоғистон 49 минг қўшинга эга армияга 2 миллиард долларга яқин сарфлайди, Ўзбекистон эса 67 минглик армиясига 3 миллиард доллар ажратади. ( http://total.kz/society/2013/07/10/ekspert_kazahstan_dolzhen_tratit#begin_st).

"Мен интервенция ҳақида гапирганим йўқ, аммо бу ҳақда доимо ўйлаш керак. Агар биз армияни кучайтирсак, жиллақурса, ҳеч кимда бизга қандайдир даъволарни илгари суриш истаги бўлмайди. Сиёсатда, айниқса ташқи сиёсатда, ҳеч ким ўз-ўзидан келишилган битимларга риоя қилмайди, чунки битим бу - бир қоғоз, холос. Қозоғистон кучлироқ бўлса, молиялаш кўпайтирилса, шартларга риоя этилади," - дейд Марат Шибутов.

Яна бир сиёсий таҳлилчи Данияр Ашимбаев Ўзбекистон ва Қирғизистон ҳудудларини Қозоғистонга "қўшиб олиш"ни таклиф қилган. Унинг даъво қилишича, прото-қозоқ ва қозоқ қабилалари тарих бўйи минтақада ҳукмронлик қилишган.

"Қолаверса, Тошкентнинг ўзи Қозоқ хонлиги пойтахти бўлган," - дейди Данияр Ашимбаев. (http://vlast.kz/?art=2262, 10 Jul 13)

Қозоқ ижтимоий медияси фойдаланувчилари ҳам Абдуллаевнинг зиддиятли мақоласига муносабат билдириб, Ўзбекистондан Совет даврида Ўзбекистонга берилган ҳудудларни қайтариб беришни талаб қилганлар.

"Улар [Ўзбекистон] аввал Хрушчев даврида қўшиб юборилган ерларни Жанубий Қозоғистонга қайтаришсин. Сталин даврида берилган Қорақалпоғистон, Тошкент вилояти, Чирчиқ тумани, Бўстонлик туманлари ва бошқа кўплаб жойларни гапирмасак ҳам бўлади," - дейди ўз исмини ошкор этмаган интернет фойдаланувчиси. ( http://total.kz/politics, 9 Jul 13).

"Историк" ва "Нурлан" тахаллуслари билан фикр билдирган шахслар эса "Тошкент 17 асрда Қозоқ хонлиги пойтахти бўлган," дея даъво қилишади ва Ўзбекистон ифтихори ҳисобланган ўрта асрлар ҳукдори - Амир Темурни қозоқ бўлганини ёзишади. ( http://total.kz/politics, 9 Jul 13).

"Argynka" исмли фойдаланувчи эса қўшни Ўзбекистон ва Россияга "адолатли битим"ни таклиф қилган. Унга кўра, агар Ўзбекистон Тошкентни, Россия эса Омск, Томск, Оренбург ва Тюменни Қозоғистонга қайтариб берса, ҳамма хурсанд бўлади. ( http://news.nur.kz/271407.html#comment, 9 Jul 13).

"Бўлгинчилик" хавотирлари

Қирғизистонлик сиёсий таҳлилчи Токтоғул Какчакеев Рустам Абдуллаевни 2010 йилда қонли этник жанжалларга саҳа бўлган Қирғизистон жанубида "бўлгинчлик"ни тарғиб этишда айблаган.

"Қирғизистоннинг жанубий минтақаларида мавжуд бўлгинчилик айнан Абдуллаев мақоласида акс этган ғояларга асосланган. Шунинг учун бизнинг расмийлар ўхшаш радикал кайфиятларни урчитувчи ташкилотлар билан шуғулланишлари керак," - деб айтган Какчакеев.

Унга кўра, Ўзбекистоннинг НАТОга қўшилиши эҳтимоли бўлмаса ҳамки, АҚШ ўзининг Марказий Осиёдаги ўйинида Ўзбекистондан фойдаланиши мумкин. ( www.vesti.kg, 9 Jul 13).

Қирғизистонлик интернет фойдаланувчилар ўзбек олимининг агар Бишкек ўз режаларидан воз кечмаса, Ўзбекистон Қирғизистондаги ГЭСларни босиб олиши керак, деган ғоясини жиддийга олишмаган.

"Белый Парус" веб сайтига шарҳ қолдирган аноним фойдаланувчи эса ўзбек олимини "ўз орзуларидан" воз кечишга чақиради.

Унга кўра, "оч" ўзбек қўшинларининг кайфияти тушиб кетган ва ўзбек армиясида Қирғизистонга "ҳужум қилиш" учун "моторли қайиқлар"и, танкларида эса "ўқлари" йўқ. (www.paruskg.info, 8 Jul 13).

Ўзбек "Жириновский"си

Рустам Абдуллаев мақоласи Россия блоггерлари эътиборини ўзига жуда кам қаратган. Либерал қарашлари билан танилган Lenta.ru веб саҳифаси 8 июл куни "Ўзбекистонда Олтин Ўрдани қайта тиклаш таклифи" сарлавҳали мақолани нашр этган. ( http://lenta.ru/news/2013/07/08/suggest). Мақолага 100 дан зиёд асосан салбий ва ўта дарғазаб шарҳлар қолдирилган.

Интернетдан фойдаланувчиларнинг энг кўп шарҳи Lenta.ru веб саҳифасидаги мақолани қайта нашр этган News.rambler.ru тармоғига келган. ( http://news.rambler.ru/19975248). Иккала веб саҳифдаги шарҳларнинг аксари ҳақорат ва маданият, тарих ва ҳудудий даъволарга оид баҳслардан иборат. У Шарҳ қолдирганларнинг кўпи муаллифнинг "руҳий соғломли"ги ва мақолани чоп этган веб саҳифаларнинг кўзлаган мақсадларини савол остига олган.

"Иван Застава" исмли фойдаланувчи 9 июл куни қуйидаги шарҳни қолдирган: "Ўқувчилар текшириб чиқишди: Рустамжон Абдуллаев Ўзбекистон Фанлар Академиясининг аъзоси эмас. Информатизациялаш Халқаро Академияси - бу Давлат Департаменти қаноти остидаги идорача. Вақтида улар ўз дипломлари билан савдо қилишган. Яъни, Рустамжон Абдуллаевнинг Ўзбекистонга алоқаси - ўткинчи ва хорижий жосус." ( http://lenta.ru/comments/news/2013/07/08/suggest).

"Шербек" исмли Twitter фойдаланувчиси эса шундай ёзади: "Улар кимнинг мақоласини чоп этишди? У шизофренияга чалинган. У ў мақолалари билан одамлар кўнглини олиб юради. Уни Ўзбекистонда масхарабоз деб ҳисоблашади". ( https://twitter.com/sherbeknuri/status/354207775313772544).

"Natalya Ismagulova" эса мақоланинг нашр этилиши "миллатчи ва ксенофобик ўйинларнинг" бошланиши ҳисобланади" деган фикрни билдирган. ( http://lenta.ru/comments/news/2013/07/08/suggest)

"Dimon Medvedev" исмли интернет фойдаланувчиси эса Абдуллаевни ўзининг қарама-қарши фикрлари билан танилган Россия Давлат Думасининг вакили Владимир Жириновскийга ўхшатган. "Жирикка ўхшаган яна бири," - деб ёзади у. ( http://news.rambler.ru/19975248/comments/?cpage=2).

Тожиклар ўзбек шаҳарларини талаб қилмоқда

Абдуллаев мақоласига муносабат билдирган тожик таҳлилчилари ва ижтимоий медиа фойдаланувчилари Ўзбекистоннинг Самарқанд ва Бухоро шаҳарлари тожик тарихий ва маданий меросига таалуқли эканини даъво қилганлар.

"Ҳаммага маълум ва бутун дунёда эътироф этилганки, Самарқанд ва Бухоро тожикларнинг тарихий, маданий ва сиёсий марказлари бўлгани ишонилади. Бу шаҳарлар авваллари тожиклар гавжум яшаган жойлар бўлган. Самарқанд ва Бухоро ўтган асрнинг 20 йилларида Советлар Марказий Осиёга келгач, Ўзбек Совет Социалистик Республикаси таркибига киритилди. Бу жойларда яшаган тожик аҳолини ҳисобга олишда ўзбек дея қайдга олинди. Уларнинг ҳужжатлардаги номлари ва фамилиялари ҳам ўзгартирилди. Буни кўрган ва гувоҳи бўлганлар ҳалиям бор," - дея ўзбек олимининг Тожикистонга нисбатан илгари сурган ҳудудий даъволарига жавоб берган сиёсий таҳлилчилар Анвар Тошпўлатов ва Муқим Халитов. ( www.avesta.tj, 11 Jul 13)

Ozodagon.tj веб саҳифасида шарҳ қолдирган "Rustam Rustamov" Тожикистон президенти Имомали Раҳмонни ўз сўзини устидан чиқмаганликда айблаган. Унга кўра, Имомали Раҳмон Самарқанд ва Бухорони Ўзбекистондан қайтариб олишга ваъда берган экан.

"Тожик халқи Имомали Раҳмонга у Самарқанд ва Бухорони қайтиб олишга ваъда бергани учун овоз берганди. Ў ўз ваъдасини бажара олмади. Ваъдасини унутди," - деб ёзган "Rustam Rustamov". ( www.ozodagon.tj, 8 Jul 13).

Ўзбекларнинг "синов шари"

Рустам Абдуллаевнинг зиддиятли мақоласи Ўзбекистонда ҳам кўплаб журналистлар ва интернет фойдаланувчилар эътирозини уйғотган.

Uzmetronom веб саҳифасининг муҳаррири Сергей Ежков, муаллифнинг руҳан соғлом эканига шубҳа билдирган. Бироқ, Ежковнинг огоҳлантиришича, мақола Тошкентнинг НАТОга қўшилиш "ташаббуси"га халқаро ҳамжамият муносабатини билиш мақсадида ўзбек расмийлари томонидан атайлабдан чиқарилган "синов шари" бўлиши мумкин. ( www.uzmetronom.com, 6 Jul 13).

12news.uz веб сайтига ўз шарҳини қолдирган "Vyacheslav" исмли ўқувчига кўра, Абдуллаев томонидан ёзилган мақола "айниқса 20104 йил январида бошланиши кутилаётган президентлик сайловидан олдин иғвогарона амалга ўхшайди. ( www.12news.uz, 6 Jul 13).

12news.uz афтидан ўз ўқувчиларидан келган кескин эътирозлар туфайли мақолани олиб ташлаган кўринади. 10 июл куни мақола веб саҳифада топилмади. Аввалроқ бир неча ўқувчи мақолани веб саҳифадан дарҳол олиб ташлашни талаб қилишганди.