Россия жосуслик хизматига алмисоқдан қолган ёзув машинкалари нима учун керак?

Россия матбуотининг хабар беришича, Федерал Ҳавфсизлик Хизмати 20 та ёзув машинкасига буюртма берган.

Хизмат бу ҳақда АҚШ Жосуслик Хизматининг собиқ ходими Эдвард Сноуден можаросидан сўнг қарор олган.

Эдвард Сноуден ошкор қилган жосуслик маълумотларида Россия Бош вазири Дмитрий Медведевнинг Лондонга сафари мобайнида унинг мулоқотларига қулоқ тутилганлиги ҳам айтилганди.

Айтилишича, Россия Мудофаа вазирилигида Вазир ва Президентга ҳисоботлар тайёрлаш учун ҳануз ёзув машинкаларидан фойдаланилади.

Компютерлар орқали узатилган ё-да ёзилган маълумотларни сир тутиш ўта мушкул бўлганлиги туфайли маҳфийликни таъминлаш учун ёзув машинкалари энг хавфсиз йўлми?

Россия Бош Жосуслик Бошқармасининг собиқ ходими Виктор Суворовнинг Би-би-си билан суҳбатда айтишича, маълумотларни сир сақлаш йўлида ёзув машинкалари ҳақиқатан ҳам кафолатли йўл бўлиши мумкин.

Виктор Суворов: Менимча бу тўғри қарор. Мана қаранг, мен ишлаган давримда дейлик, бир журналистни биз ўз қароргоҳимизни кўришга таклиф қилдик. Бу бинонинг ташқи бетондан қилинган деворидан ташқари ичкарисида яна бир юпқароқ девор ясалган. Ўша қалин бетон девор билан юпқа девор орасига махсус электрон симлар ўтказилиб, улар инсон қулоғи эшитмайдиган товушни ҳосил қилардилар. Бу тизим ўша хонада бўлаётган суҳбатни ташқарига умуман эшитилмаслигини таъминларди ва ўша хонага умуман ҳар қандай электрон мосламани олиб кириш тақиқланганди. Ҳатто фотоаппарат ҳам киритилмасди. Шунинг учун бу қарорни тўғри деб ҳисоблайман. Ходимлар ёзув машинкаларида қулоқни қоматга келтириб ишласинлар, майли, лекин маълумотлар сирлигича қолади.

Би-би-си: Лекин ўша машинкалардан "ўта маҳфий" сарлавҳаси остида ёзилган маълумотларни ҳақиқатан ҳам сир сақлашнинг йўллари қандай эди? Бу учун ким масъул эди? Улардан нусха кўчириш умуман имконлимиди?

Виктор Суворов: Дейлик мен ким биландир учрашдим. Кечқурун бу ҳақда ҳисобот ёзишим керак. Биринчидан нусха кўпайтирувчи копирка қоғозларни ишлатиш мумкин эмасди. Бир нусхада ёзилган ҳужжатни мен уни маҳфийлаштирувчи шифровальчик мутахассисга берардим. У ҳужжатни микропленкага кўчириб, бу пленкани кейин махсус кислота солинган қутига жойлаштириб, махсус куръер билан жўнатиларди. Яъни дипломатик дахлсизликка эга бўлган бу қутини кимдир олиб қўймоқчи бўлса, махсус тугма босилса кислота таъсирида ҳужжат йўқотилади. Ҳужжат манзилга етиб борганидан кейин бизга "етиб келди" деган хабар берилади ва биз асл нусхасини йўқотамиз, тамом вассалом.

Би-би-си: Лекин ана шу сиз айтаётган чоралар кўрилган вақтда ҳам ҳужжатларнинг ошкор бўлиши рўй берган, шундайми? Демак бу ҳам кафолатли эмас?

Виктор Суворов: Ҳужжатлар маҳфийлигининг кафолати асосан ходимларнинг содиқлигига боғлиқ. Агар ходимлар ўзлари бажараётган ишнинг ҳақлигига ишонсаларгина маҳфийлик таъминланиши мумкин. Шунинг учун ҳозирда мен ўйлайманки, агарда Россия Жосуслик Хизмати ёзув машинкаларидан фойдалана бошласа, балки Ғарб хизматлари ҳам шу усулга мурожаат қила бошлашар.

Би-би-си: Лекин хатга тушдинг, ўтга тушдинг. Қоғозга муҳрланган маълумот анчагина сақланади ва архивларда сиз айтаётган каби маълумотлар роса кўп бўлса керак?

Виктор Суворов: Ҳа албатта. Россия архивларидаги 1933 йилдан кейинги бундай маълумотлар оммага очилган. Чунки айтилишича, 33 йилдан кейинги амалларда Сталинни айблаш мумкин, лекин ундан аввалги маълумотлар ошкор этилса, яна бошқа "айбдорлар" келиб чиқиши мумкин. Шунинг учун балки баъзи маълумотлар ҳеч қачон ошкор бўлмас...