Саҳар Гул: 'Мени хор қилганларнинг хор бўлишини истайман'

Image caption Саҳар Гул маҳкамадан фақат бир нарсани - ўзини қийноққа солган инсонларни рисоладагидек жазолашини исташини айтади

12 ёшида турмушга узатилган афғон қизи ўзини ертўлада сақлаб, тирноғу сочларини илдизи билан суғуриб олган қайнота, қайнона ва қайн опасининг бор-йўғи бир йилнинг ичида озодликка чиқарилишидан норози.

Саҳар Гулнинг кечмиши ўтган йили бутун дунёни ларзага солган ва Афғонистоннинг ўзида ҳам кишиларнинг қаҳру ғазабларига сабаб бўлганди.

Ёш боши билан ўзидан анча катта кишига эрга тегишга мажбур бўлган Саҳар Гул эри ва унинг яқинлари томонидан шафқатсиз қийноққа солинади.

Улар Саҳар Гулни ертўлада оч-наҳор сақлашади, тирноқ ва сочларини суғуриб олишдан ташқари, баданини сигарет чўғи билан куйдиришади.

Ўтган йили афғон полицияси ўлишига бир баҳя қолган Саҳар Гулни қутқариб олишга муваффақ бўлади.

Мен Саҳар Гул билан ана шу ҳодисалардан 18 ой ўтиб учрашдим. Ҳозир 15 ёшда бўлган ёш келинчакнинг бунчалик тезликда соғайиб кетгани, тўғриси, ўзимни ҳам ҳайрон қолдирди, дейди мухбиримиз Санжой Мажумдер.

Олий маҳкама ҳукми

Image caption Афғонистон Олий маҳкамаси ўз ҳукмини ўтган ҳафта эълон қилганди

Афғонистон Олий маҳкамаси ўтган ҳафта Саҳар Гулнинг қасддан одам ўлдиришда айбланиб, 10 йиллик қамоқ жазоси берилиши кутилган қайнота, қайнона ва қайн опасини озодликка чиқаришга қарор қилди.

Саҳар Гулнинг кечмиши аён бўлгач, қочиб кетган эри ҳам кейинчалик топилган эса-да, шу пайтгача маҳкамага тортилгани йўқ.

Қўлидаги дастрўмолини бураганча, Саҳар Гул менга жуда қўрқаётганини айтади.

"Мен маҳкаманинг ҳукмини эшитиб, жуда хафа бўлдим. Чунки улар қамоқдан чиқсак, сени ўлдираман дейишганди".

"Энди, айтганларини қилиб, изимдан тушишади деб хавотирдаман".

Ҳаммаси бирпул бўлдими?

Саҳар Гулнинг америкалик ҳимоячиси Кимберлей Мотлей маҳкама ҳукмидан оғзи очилиб қолгани ва ҳатто, бундан ўзининг огоҳ этилмаганини айтади.

"Саҳар Гул бир бола бўлса. Ҳеч ким бу каби куйга тушмаслиги керак".

"Жавобгарларнинг қўйиб юборилишларига ҳеч бир асос йўқ. Биз маҳкама ҳукми юзасидан шикоят аризаси билан чиқамиз", дейди Саҳар Гулнинг ҳимоячиси.

Ҳатто, Афғонистон Президенти Ҳомид Карзай ҳам бу ишдан хавотирда экани ва бу хусусда Саҳар Гул ҳақида қайғуриб келаётган хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя этиш гуруҳи билан боғланганини айтди.

"Улар ҳам мендек азоб чекишсин"

Image caption Саҳар Гулнинг кечмиши ўтган йили бутун дунёни ларзага солган ва Афғонистоннинг ўзида ҳам кишиларнинг қаҳру ғазабларига сабаб бўлганди

Саҳар Гул билан суҳбатимиз давом этаркан, у маҳкамадан фақат бир нарса - ўзини қийноққа солган инсонларни қамоққа қайтариб, жазолашини исташини айтди.

"Улар мени хору зор этишди. Шу сабабдан, мен ҳам уларнинг ўзимдек азоб чекишларини истайман", дейди Саҳар Гул.

Ўзининг бошига тушган даҳшатли кўргуликлардан яна ҳаётга қайтиши осон кечмаган Саҳар Гул ҳозир енгиб ўтиши керак бўлган яна бир мушкулот қаршисида.

Бошқа томондан, Афғонистонда Толибонга ўхшаш ўта анъанадор гуруҳларнинг таъсирлари кучая бошларкан, Саҳар Гул ва қолган афғон аёлларининг тақдирларидан хавотирлар ҳам кучайиб бормоқда.

Бу мавзуда батафсилроқ