Мисрда Мурсий тарафдорлари ва полиция ўртасида тўқнашув юз берди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Мурсий тарафдорлари полицияни тошбўрон қилганлар

Мисрнинг қудратдан четлатилган президенти Муҳаммад Мурсийнинг юзлаб тарафдорлари Қоҳирада хавфсизлик кучлари билан тўқнашганлар.

Қоҳира марказига элтувчи шоҳ йўлни беркитиб олган намойишчиларни тарқатиб юбориш учун пПолиция кўздан ёш оқизувчи газни ишга солган. Намойишчилар полицияни тошбўрон қилганлар.

Аввалроқ АҚШ давлат котибининг муовини Уиллиам Бёрнс Мисрга демократияни барпо этиш учун “иккинчи имконият” берилганини айтганди.

У Мисрнинг янги муваққат раҳбарлари билан учрашган.

Бироқ жаноб Мурсийнинг “Мусулмон Биродарлари” гуруҳи раҳбарлари Уиллиам Бёрнс билан учрашмасликларини айтганлар.

Қоҳирадаги тўқнашувлар 50 нафардан зиёд Мурсий тарафдорлари Республика Гвардрияси қароргоҳи ташқарисида қўшинлар томонидан ўлдирилиши ортидан юз берган.

Муҳаммад Мурсийнинг айни қароргоҳда ушлаб турилгани ишонилади.

У 3 июл куни ҳарбий тўнтариш ортидан президентликдан четлатилган эди.

Аксил-Америка кайфияти

Душанба кунги тўқнашув юзлаб дарғазаб намойишчилар Қоҳирадаги асосий кўприкни тўсиб қўйишлари ортидан бошланган.

Кўприк кейинчалик очилгани хабар қилинади.

Аввалроқ Мурсийни дастаклаган кўп сонли намойишчилар Рабаа ал-Адавия масжиди ўнгида жам бўлганлар. Ушбу масжид ва Қоҳира ўнгида тўпланган намойишчилар жаноб Мурсийнинг қайтадан ўз ўрнига тикланишини талаб қилмоқдалар.

"Сиси, йўқол," – деб қичқирган баъзи намойишчилар.

Миср қуролли кучлар бошлиғи генерал Абдул Фаттоҳ ал-Сиси Муҳаммад Мурсийни тўнтариш амалиётига бошчилик қилганди.

АҚШ давлат котибининг муовини Уиллиам Бёрнс ўтиш даври президенти Адли Мансур, бош вазир Ҳазем ал-Беблавий ва генерал Сиси билан учрашган.

У сўнгги икки ҳафта ичида Мисрда юз берган ҳодисаларни “инқилоб пайти берилган ваъдаларни амалга ошириш учун иккинчи имконият” дея таърифлаган.

У ҳарбийларни “сиёсий важларга асосланган ҳар қандай ҳибсга олишлар”дан тийилишган чақирган.

Уиллиам Бёрнсга кўра, АҚШ Мисрнинг “барқарор, демократик ва тоқатли” давлат сифатида кўришни истайди.

Аммо унинг таъкидлашича, АҚШ “ҳеч кимга лекция ўқигани келгани йўқ."

Уиллиам Бёрнснинг бу баёноти Мисрдаги иккала кучда ҳам АҚШга нисбатан нафрат кучайиб бораётган бир пайтга тўғри келмоқда.

АҚШ асосан ҳарбий соҳани кучайтириш учун Мисрга ҳар йили тахминан 1.5 миллиард доллар ёрдам беради.