Покистон: Рамазон ойида аёлларнинг бозорга ёлғиз кириши мумкин эмас

Image caption Диний уламо муқаддас Рамазон ойида ёлғиз аёлларнинг юришлари беадабликдир, дея тарифлаган.

Покистон шимоли-ғарбидаги исломий уламолар ва қавмлар оқсоқоллари аёлларнинг бозорларда ёлғиз харид қилишларини тақиқлаганлар.

Ҳайбар-Пахтунхва вилояти диний раҳбари айтишича, айниқса муқаддас Рамазон ойида ёнида эркак ҳамроҳисиз аёл кишининг савдо қилиши ахлоқсизлик бўлади.

Бу ҳақдаги қарор жума куни Карак шахарчасининг масжидида бўлиб утган йиғилиш натижасида қабул қилинган.

Уламолардан бири Мавлоно Мирзаҳаким кўчаларда муқаддас Рамазон ойида ёлғиз аёлларнинг юришлари беадабликдир, дея тарифлаган.

Унинг сўзларига кўра, бозорга кириб келаётган ёлғиз ва ёнида эркак қариндоши бўлмаган аёлнинг ўзи паштун маданиятига зиддир. Ёлғиз аёлни кўрган эркакнинг таҳорати бузилиши мумкин, деб ҳисоблайди Мавлоно Мирзаҳаким.

Мазкур тақиқ масжидларда тарғибот қилинади, деб айтган диний уламо.

Махаллий хабраларга кўра, бу ғоя билан чиққан эркаклар полицияга тақиқни қўллаб қуватлашларини сўрашган, бироқ полиция ходимлари бунга рози бўлишмаган.

Уламолар бозордаги дукондорларга ёлғиз аёлларга маҳсулотларини сотмаслик талаби билан мурожаат қилишган.

Покистоннинг шимоли ғарбидаги қавмлар турадиган ҳудудларда аёллар бошидан оёқгача ўралиб юриши лозим ва уйларидан кўчага чиқишмайди.

Толибон пўписалари ва жамиятда ҳукм сураётган ожизаларга нисбатан тазйиқлар боис, кўплаб покистонлик аёлларнинг ҳуқуқлари топталмоқда.

Бу мавзуда батафсилроқ