Франсаликлар нима учун хорижда дафн этилишни маъқул кўришади?

Фото муаллифлик ҳуқуқи UNknown
Image caption Франса қабристонида мусулмонлар учун ажратилган жой

Франсанинг ишчилар яшайдиган маҳаллаларидан тортиб бу ёғи Жазоир ва Марокаш қишлоқларига довур ғалати бир муҳожирлик жараёни кечмоқда. Таъбир жоиз бўлса, тириклар эмас, ўликлар ҳижрати...

Ҳар йили Франсадан муҳожирларнинг минглаб жасадлари дафн этиш учун ўз ватанларига, яқинлари яшайдиган ўлкаларга жўнатилади.

Бу амал арзонларидан эмас ва жараён жуда ҳам мураккаб...

Учоқларни ҳал этиш керак, консуллик хизматидаги маъмурлар билан қоғозбозлик ва бу каби дафн хизматлари билан шуғулланадиган ширкатлар билан олди-бердилар...

Шу ўринда савол туғилади. Нима учун мусулмонлар Франсада дафн этилишни истамайдилар?

Қолаверса, Франсада уларнинг оилалари яшаб қолишади. Маҳаллий халқ билан уйғунлашиш йўлида қабрлар ҳам шу мамлакатда қолса бўлмасмиди?

Савол мураккаб ва жавоб мураккаброқдир...

Бир жавоб Франсанинг “дунёвийлик тузуми”га “муккасидан кетгани” билан ҳам боғлиқ.

Дин ва эътиқодга бу дунёвийлик ичра жой тор.

Франсанинг Лил шаҳарчасидаги дафн хизмати ширкатида Абдулла Ҳадид ҳар куни уч-тўрттадан телефон мурожаати олади.

Барча мурожаатлар ўз яқинларини ватанда дафн этиш истагида бўлган оилалардан...

"Камида 70 фоиз ҳолатларда вафот этганларнинг жасадлари Жазоир ва Марокашга ва ё бошқа бир мамлакатга жўнатилади. Жаноза ўқилганига довур, бизнинг маъмурларимиз барча ҳужжатларни ҳал қилишга киришади. Полицияга, консулхонага ва шаҳар маъмуриятига чопилади...Кейин оила учун учоқ чипталари билан шуғулланамиз. Тобут учун тўловлар...Одамлар билишмайди, аммо Франсадан шимолий Африкага учадиган аксар учоқларда бирдан тўрттага қадар тобутлар бўлади”, дейди у.

"Баъзида ҳамқишлоқлари пул тўплаб, майитни ватанига жўнатишади. Бу иш икки ярим минг еврога тушиши мумкин”.

"Аммо тобора кўпроқ оилалар суғурта ширкатлари хизматларидан фойдалана бошлаган. Одамлар, куни келиб бу дунёдан кўз юмсалар жасадларини ватанларига қайтаришлари учун оз-оздан ҳар ой тўлаб боришади."

Абдуллоҳ Ҳадидга кўра, ўз яқинлари жасадларини Мағрибга юборишдан икки мақсад кўзланади.

Биринчиси, инсон истаги - хотира, ўз она юртига садоқат, “эски ватан”да тупроққа қўйилишига бўлган умид ".

Иккинчиси эса вазиятдан келиб чиқилган ҳолатда ташланадиган қадам: Францияда мусулмон қабристонлари йўқ.

Франция ўзини “лойиқ” (дунёвий), деб атайди. Бу мамлакатда бир асрдан буён давлат диндан буткул ажратиб қўйилган.

Бу гўристонлар масаласида маҳаллий ҳокимият инсонларни қайси динда эканликларига эътибор қаратмайди деганидир.

Қабрлар ва уйғунлашиш масалалари

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Франсада ҳижоб расман ман этилган

Кўп йиллардан буён франсалик мусулмонлар ўз ўликларини қабристонларда мусулмонлар учун ажратилган махсус жойларга кўмиб келишади – бундай жойларни французлар “carres confessionnels” (“черков майдони”) деб айташади. Бу майдонларда кўмилган мусулмонлар қабрлари, динда талаб қилинганидек, Макка томонга қаратилган бўлади.

Аммо, француз расмийлари ҳар доим ҳам бу тартибга риоя қилаверишмайди.

Амалда, қабристонларда тобора кўпроқ мусулмонлар ҳудудлари пайдо бўла бошлаган. Бир мусулмон майит иккинчи мусулмон қабри ёнида тупроққа қўйилади. Француз ҳокимияти бу борада махсус йўриқнома чиқармаган, аммо қаршилик ҳам қилмайди.

Мусулмонлар учун бошқа бир муаммо –француз қабристонларида ажратиладиган жойларнинг жуда чекланганида. Оилалар майитни исталган жойга кўмиш учун ўша жойни 30-50 йилга ижарага олишади, сўнгра жасад қабрдан қайта қазиб олиниб, одатий қабрга қўйилади.

Аммо бу ҳолат кўмилган жасадга тегмаслик керак деб ишонган кўплаб мусулмонлар учун таҳқирловчидир. Улар келгуси авлодни қабр учун кира тўлашдан қутқариш учун ҳам мурдани ўз ватанига жўнатишади.

"Сarres confessionnels масаласи биз учун жуда ҳам муҳим," – дейди Париждаги Жомеъ масжид ректори Далил Абубакр.

"Ҳозирда Францияда 6 миллион мусулмон бор. Улар солиқ тўлашади, овоз беришади, маҳаллий ҳокимият ишларида иштирок этишади. Майитни қайндай кўмиш масаласида нима учун уларнинг фикрига қулоқ солмаслик керак экан?" – илова қилади Далил Абубакр.

Ўликни Францияда кўмиш ёки ватанига юбориш масаласида минглаб мусулмонлар ҳар куни баҳслашишади.

Ўқитувчи Карим Саидийнинг ота-онаси Сант Куэнтин шаҳрига Жазоирдан 1960 йилларда ҳижрат қилишган. У ва унинг ука-сингиллари Францияда таваллуд топганлар. Карим ўзини француз ҳисоблайди.

"Менинг отам шу ерда автомобил ҳалокатида оламдан ўтган пайти, биз унинг жасадини ватани Жазоирга юборишга қарор қилдик. Бу ҳақда ўйлаб ўтирганимиз ҳам йўқ. Аммо ҳозир афсус қиламиз, чунки токи Жазоирдек узоқ йўлни босиб ўтмасак қабрини зиёрат қилолмаймиз. Шунинг учун онам “агар ўлсам, мени шу ерга кўминглар,” деб васият қилган. Бир маънода бу тўғри иш: Ўрта ер денгизининг ҳар бир томонидан биттадан волидамиз қабри бўлади," – дейди у.

Амиенс шаҳри қабристонидаги мусулмон гўшасига борсангиз, ўликларга ва уларнинг шахсига бўлган муносабатнинг ўзгариб борраётганини сезасиз.

Эски қабрлар жуда оддий - ер билан текис қилиб кўмилган ва майитлар исми кичик бир тахтачаларга ёзилган. Аммо янгироқ қабрларга мармар тошлар ўрнатилган. Уларни яқин атрофдаги насронийлар қабрларидан деярли фарқлаб бўлмайди. Мармар тошлар остига гуллар қўйилган, лавҳларга оятлару, муҳаббат номалари битилган. Кичик болакай қабр тошига оддий қилиб айиқча сурати чизилган.

"Анъанавий исломда, қабр ернинг бир қисми. У ҳеч нимани англатмайди. Яқин қариндошлар бор пайти зиёрат қилинадиган қабр, кейин ер билан яксон бўлади," - дейди айни мавзуда кўплаб мақолалар ёзган олим Ёсин Шаибий.

"Аммо бу ерда биз қандай қилиб баъзи мусулмонларнинг ўликка бўлган франсаликлар эътибори ва насроний рамзларни қабул қилиб олганини кўрамиз. Жуда кулгили ҳолат: қабр қанча кўп бўлса, жамият ўлимдан шунча қўрқади."

Ёсин Шаибийга кўра, француз жамияти билан бирлашиш тўлиқ ниҳоя топган пайтгандагина мусулмонлар Францияда кўмишларига рози бўлишларини айтади.

"Аммо бунгача ҳали анча бор," – дейди у. – “Бу ерда мусулмон ҳуввияти тугал эмас. Францияда кўпчилик мусулмонлар ҳалиям ўзини хотиржам сезмайди. Қачонки бу ерда кўмишларига рози бўлсаларгина бу жараён тугалланган ҳисобланади. Аммо ҳали бунга тайёр эмаслар."