Британия: Шаҳзода чақалоқ ҳақидаги хабарни кутиб

Бутун дунёдан журналистлар, видеооператор ва фотосуратчилар узоқ вақтдан буён кутаётган, Лондондаги шифохона қаршисида эса бир ҳафтадан буён "кечаю-кундуз навбатчилик қилиш"ларига сабаб бўлган ҳодиса ниҳоят юз берди: Британия Қироличаси Елизавета Иккинчининг невара келини туғруқҳонага олиб келинди.

Кенсингтон саройидан эълон қилишларича, ҳомиладор Кембридж герцогиняси Кейт шифохонаг етқазилган ва унда тўлғоқ бошланган.

22 июл куни тонгги соат 6 да Кембридж герцогиняси Кейт Лондоннинг Паддингтон қисмидаги машҳур Сент-Мэри шифохонасига олиб борилган.

Айни шу шифохонада Кембридж герцоги, шаҳзода Уильям 31 йил олдин туғилган.

Шаҳзода чақалоқнинг қачон туғилиши мумкинлиги ҳақидаги маълумот ҳеч қачон эълон қилинмаган.

Бироқ шунга қарамасдан, кўпчилик қироллик чақалоғини бундан бир ҳафта олдин туғилади деб кутган эди.

Британияда қабул қилинган удумга кўра чақалоқ туғилганидан кейин ҳам дарҳол бу ҳақда эълон қилинмайди.

Чақалоқ Кембридж герцоги ва герцогинясининг тўнғич фарзанди бўлади.

Ҳомиладорлик ойлари давомида Уильям ва Кейт ҳомиланинг ўғил ёки қизлигини аниқламасликка қарор қилдилар.

Чақалоқ дунёга келганидан кейин биринчи бўлиб Британия қироличаси ва герцогинянинг яқинларига хабар юборилади.

Британия қироллиги оиласида янги ворис дунёга келгани ҳақидаги ҳужжат шифокорлар томонидан имзоланади.

Кейин бу акт махсус хабарчига берилади, хабарчи полиция ҳамроҳлигида ҳужжатни Букингем саройига етказади.

Ана шундан кейин сарой дарвозасига омма учун мўлжалланган хабар эълон қилинади.

Бундан 31 йил олдин шаҳзода Уильям дунёга келганида жамоатчилик шу тариқа хабардор бўлган.

Бу мавзуда батафсилроқ