Фоҳишалик - касбми деган баҳслардан муҳожир аёллар огоҳми?

Image caption Фоҳишалик касбми деган баҳс

Петербургнинг фоҳишаларга ёрдам кўрсатувчи “Кумуш атиргул” номли жамоат ташкилоти Адлия вазирлигининг “секс ишчилари ва уларнинг тарафдорларининг нотижорий ҳамкорлиги”ни рўйхатдан ўтказишга бош тортганидан маҳкамага арз қилган.

“Кумуш атиргурл”нинг раҳбари Ирина Маслова гендер бўйича мутахассислар, фоҳишалар ва уларнинг мижозлари иштирокида катта маҳкама ишини уюштиришга ваъда берган. Бу ҳақида "Фонтанка.ру" маълум қилди.

Бугунги кунда “Кумуш атиргул” ташкилоти фоҳишаларга ҳуқуқий ва тиббий ёрдам кўрсатиш билан шуғулланади. Фоҳишалар Россияда фоҳишабозликнинг расман ман этилгани туфайли ҳеч қандай юридик ё ижтимоий мавқега эга эмаслар.

Уюшмага 60 киши аъзо бўлиб кирган.

Бундай касб йўқ

Адлия вазирлиги ўз раддиясини изоҳлай туриб, ташкилот Россия Конституциясининг 29-моддасига хилоф амал қилаётганини айтган. Бу моддага кўра, ижтимоий, ирқий, миллий ва диний нафрат ё адоватни тарғиб қилиш тақиқланади.

Ундан ташқари, “секс ишчиси” ибораси саволларни уйғотган.

“Умум-Россия касблар ва лавозимлар классификаторида бундай ишчилар категорияси кўзда тутилмаган,” – дейилди вазирлик жавобида.

“Агора” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотининг адвокати Ильнур Шараповнинг айтишича, агар уюшма ноқонуний амаллар, хусусан фоҳишабозликни уюштириш билан шуғулланганида эди, буни рўйхатдан ўтказмасликни тушунса бўларди.

“Бироқ, “Кумуш атиргул”нинг мақсади секс-ишчиларини ҳимоя қилиш. Бу аёллар - ўта ожиз синф, уларнинг жинсий зўрлаб, ўлдиришаяпти”, - деди у.

“Кумуш атиргул” ташкилоти изоҳлашича, секс-ишчиси бу доимий тарзда турли мижозлар билан тўлов эвазига секс билан шуғулланувчи вояга етган шахсдир.

Ирина Маслова фикрида, Россия бўйлаб уч миллиондан ортиқ секс-ишчилари бор, бироқ уларнинг биронтаси ҳуқуқларига эга эмас.

Россияда фоҳишабозлик билан шуғулланувчи шахсларнинг расмий статистикаси олиб борилмайди.

Ёрдам ва таълим

Пайшанба куни “Кумуш атиргул”га вакиллик қилаётган адвокат Шарапов Санкт-Петербург туман маҳкамасига топширган арзида ташкилот рўйхатдан ўтиши учун секс-ишчилари Россиянинг касблар классификаторида бўлиши шарт эмаслиги айтилади.

Унга кўра, бундай талаб “Нотижорий ташкилотлар” қонунида кўзда тутилмаган.

Россияда фоҳишабозлик маъмурий жиноят ҳисоблансада, “фоҳишабозлик” тушунчаси Россия қонунларида ифодаланмаган.

“Давлат ва халқаро миқёсда тан олинганки, “секс-ишчилари” ожиз гуруҳ ҳисобланади ва тиббий, ижтимоий, руҳий ва ҳуқуқий ёрдамга муҳтож. “Кумуш атиргул”нинг Адлия вазирлигига топширган биронта ҳужжатида бу ташкилот фоҳишабозликни уюштириши ва фоҳиша уйларини ё ётоқлар таъминлаб бериши айтилмаган”, - дейилади “Кумуш атиргул” аризасида.

“Кумуш атиргул” мақсади, ташкилот низомига биноан, секс-ишчилари ва уларни қўллаб-қувватловчи шахсларннинг ижтимоий ва ҳуқуқий манфаатларини ҳимоя қилиш, ҳамда тадқиқот ва тушунтириш ишлари олиб боришдир.

Бундан бир қанча вақт аввал бир қатор вебсайтлар, ва жумладан fergananews.ru Петербургда "этник" фоҳишабозлик ҳам кенг тус олаётгани ва фоҳишалар орасида анчагина Ўзбекистонлигу, ўзбек аёлларининг борлиги ҳақида хабар берган эди.

Фоҳишалик қилаётган Марказий Осиёлик аёллар кўпми?

Санкт Петербургда меҳнат муҳожирларига ёрдам бериш жамғармасига асос солган Маҳмуд Маматмўминовнинг айтишича, фоҳишалик билан шуғуллангани учун қўлга олинганлар орасида Марказий Осиёлик аёллар ҳам бор.

Жамғарма аёлларга кўмак бериш соҳасида қатор чораларни амалга ошириб келади. Аёлларга қўлдан келганча ҳуқуқий маслаҳат ва қўллов берилади.

Маҳмуд Маматмўминовнинг айтишича, агарда эркаклар фоҳишалар хизматидан фойдаланишмаса, бу кўринишнинг камайишига эришиш осонроқ бўлур эди.

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди