Генерал Сиссий мисрликларни армияни ёқлаган намойишга чақирди

Image caption Генерал Сиссий Мурсийга бутун мисрликларнинг президенти бўлишни маслаҳат бергани, лекин у қулоқ солмаганини айтган.

Муҳаммад Мурсийни қудратдан кетишига сабаб бўлган армия генерали Сиссий Миср халқини жума куни намойишга чиқиб, "армияга тартибсизликлар ва терроризмга қарши курашиш"ваколатини беришга чақирган.

Ўз тарафдорларини кўчага чиқишга ундаган генерал Абдул Фаттоҳ Сиссий тартибсизликларни эмас, миллий ярашувни хоҳлашини айтган.

Ҳокимиятдан ағдарилган Муҳаммад Мурсийнинг тарафдорлари ҳарбий тўнтариш бўлган 3 июлдан буён норозилик намойишларини тўхтатганлари йўқ.

Армия билан тўқнашувлар Мурсийни ёқлаб кўчага чиққан ўнлаб кишиларнинг ҳаётига зомин бўлди.

Айни пайтда "Мусулмон Биродарлар" ҳаракати генерал Сиссийнинг чақириғида ўзларига нисбатан таҳдидни кўришмоқда.

"Сизнинг таҳдидингиз адолат тикланишини истаган миллионларни яна кўчага чиқишини тўхтата олмайди",- деб айтган "Мусулмон Биродарлар" раис ўринбосари Эссом ал-Ориан . У генерал Сиссийни "ҳарбий тўнтариш доҳийси, аёллар , болалар ва намозхон мусулмонларнинг қотили", деб таърифлаган.

Қоҳирадаги Би-би-си мухбирига кўра, мисрликларнинг кўпчилиги генерал Сиссийнинг нутқини "фитна қўзғатувчи"сифатида тушунишган.

"Мен одамларни терроризм ва тартибсизликларга қарши курашда менга, армия ва полицияга ишонч кўрсатиш учун жума куни кўчага чиқишга чақираман", деб айтган генерал Сиссий Миср телевидениеси орқали узатилган нутқида.

Би-би-си мухбирининг таъкидлашича, генералнинг "Менга, армия ва полицияга" жумласи айни пайтда Мисрни аслида ким бошқараётганини кўрсатади.

Миср муваққат президент Адли Мансур томонидан эмас, генерал Сиссий ва ҳарбийлар томонидан бошқарилаётганининг мисолидир.

Муваққат ҳукуматда Мудофаа вазири бўлган армия қўмондони "Аллоҳга қасамки, Миср армияси бирдамдир", деб онт ичган.

Олдинроқ номаълум кишилар Мансур шаҳридаги полиция идорасини портлатганлар.

Қоҳирада давом этаётган тўқнашувларда ўтган кеча икки, ундан олдин ўн киши ҳалок бўлган.

Бу мавзуда батафсилроқ