Муҳожирлар жиноятини бўрттиришдан мақсад нима? Ёки Россия матбуотидаги қарама-қаршиликлар...

Россия оммавий ахборот воситаларида меҳнат муҳожирлари томонидан содир этилаётган жиноятлар сони ортиб бораётгани бот-бот таъкидланади.

Бирор муҳожир жиноятга қўл урса, унинг “гастарбайтер” эканлигига алоҳида урғу бериб ёритилади.

Кейинги пайтларда мамлакатда содир этилаётган жиноятларнинг ҳар бешинчиси меҳнат муҳожирлари томонидан содир этилмоқда, деб келинаётган эди.

Яқинда эса Федерал миграция хизмати раҳбари Константин Ромадановский мамлакатда чет элликлар содир этаётган жиноятлар 3,4 фоиз эканлигини билдирди ва бу рақам Москвада 20 фоизни ташкил этишини ҳам қўшиб қўйди. Шунингдек, бу ҳолат Россия учун оғир эмас, мураккаблигини айтди. Ромадановскийга кўра, муҳожирлар қонунбузарликларига чек қўйишнинг имкони бўлмаяпти.

“Меҳнат муҳожирлари ҳамон ўз тартиб-қоидалари бўйича яшаётганликлари ва давлатимиз қонунларига риоя этмаётганликлари аҳолимизнинг асосли равишдаги эътирозларига сабаб бўлаяпти”, - деди ФМХ раҳбари.

Аммо Россия матбуоти эса тартиббузарлик ва жиноятчиликнинг фарқи катта эканлигига эътибор қаратмаган ҳолда, кўпинча меҳнат муҳожирларига тамға илмоқда.

Масалан, айнан шу маълумотлар орасида қотилликларнинг бешдан бири муҳожирларга тегишли эканлигини билдирилганлиги боис, бутун матбуотни “Ҳар беш жиноятнинг бири муҳожирга тегишли” жумласини “Муҳожирларнинг бешдан бири қотил” сўзларига айлантиришгача борган мақолалар босилди.

“Москвага муҳожирлармас, гиёҳвандлар ҳавф солаяпти”

Охирги йиллар ичида муҳожирлар содир этаётган жиноятлар сезиларли даражада камайган.

Бу ҳақда Москва прокурори Сергей Куденеев қуйидаги фактларни келтирди: 2008 йилда 16 минг жиноят содир этган бўлса, 2012 йилда 8 мингдан сал кўп деди, бу эса муҳожирлар жиноятлари икки баробарга камайганини кўрсатади.

“Москвага мигрантлар эмас, гиёҳвандлар хавф солаяпти, - деди прокурор. Москванинг ўзида 27 минг киши наркодиспансерда рўйхатда туради, бу бутун бир шаҳар, демакдир”.

Шунингдек, Куденеев гиёҳвандлар томонидан содир этилган жиноятлар сони ва хавфлилик даражаси хусусида ҳам алоҳида тўхталиб ўтган.

Россия ИИВ сайти маълумотларига кўра, 2012 йилда 2 302 200 та жиноят қайд этилган. Чет эллик ва фуқаролиги бўлмаган шахслар томонидан эса 42 700 та жиноят содир этилган. Бу рақам 2001 йилдагига нисбатан 5,1 фоизга кам, деганидир.

Камайганини четга суриб, рақамларга ва чет элликлар сўзига эътибор қилсак, матбуотда умуман тилга олинмаётган яна бир масала ойдинлашади:

Ҳозирги пайтда Москвада 228 давлат вакиллари истиқомат қилади. Муҳожирлар фақатгина ишлаш учун келган марказий осиёликлар эмас.

Агар жиноятлар сонини бошқа миллат вакилларига тақсимласа, марказий осиёликларнинг “улуши” қанча бўлади?

Бу саволга ФМХ раҳбар ўринбосари Анатолий Кузнецов “Москвадаги энг кўп жиноятлар ўзбекистонликлар, молдавияликлар ва тожикистонликлар томонидан содир этилаяпти” дея жавоб берди.

Буни эса Россиядаги муҳожирлар орасида сон жиҳатдан ўзбекистонликлар юқори туриши билан изоҳлаш мумкин.

Жиноятчи саналаётган ноқонуний муҳожирлар

Июль ойида кетма-кет муҳожирлар жинояти камайиб бораётганлиги эълон қилинган нашрлар кўриниб қолди. Аммо рус матбуоти шу заҳотиёқ бу хабарлар ўрнини Россия ИИВ пойтахт бошқармаси бошлиғи ўринбосари Олег Барановнинг шу йилнинг апрель ойида “Интерфакс”га берган интервьюси билан ёпди.

“Мақтанишга ҳожат йўқ. Агар охирги пайтларда муҳожирлар орасида жиноятлар ўсиш даражаси йўқлигини айтган бўлсак, бу йилнинг бошидан буён уларнинг жиноятлари кескин равишда ортган”, - деган Баранов.

Унинг сўзларига кўра, муҳожирлар томонидан содир этилаётган жиноятчилик ўтган йил шу даврдагига нисбатан 42 фоизга ўсган.

Аммо айни пайт Россияга келувчилар сони ҳам ўтган йилдагига қараганда анча ошганлиги кузатилади.

“Миграция яна 12 фоизга ошди. Йил бошидан бери Россияга 10 миллион чет эллик кириб келган”, - дея маълумот берди ФМХ раҳбари К.Ромадановский.

Йил бошидан бери Россия ҳукумати ноқонуний фаолият юритаётган меҳнат муҳожирларига нисбатан чора-тадбирлар қаттиқлашгани, уларни қўлга олиш учун полицияга қўшимча кўнгиллилар гуруҳларини жалб этганлиги сабаб, кўплаб муҳожирларнинг кўплаб қонунбузарликлари аниқланмоқда.

Уларнинг баъзисига маъмурий жазо қўлланилса, баъзилари жиноий жавобгарликка тортилмоқда. Агар юқоридаги статистик маълумотдан ноқонуний меҳнат муҳожирларини олиб ташласак ва муҳожирлар сафига фақат марказий осиёликлар эмас, мамлакатдаги мавжуд 228 давлат вакилларини ҳам қўшсак, меҳнат муҳожирлари жинояти анчайин озлигини кўрган бўлардик.

Таҳлил ва текшириш кам, кўчириш, бўрттириш кўп

Россиянинг ўқимишли сайтларидан бири Москва прокурори Сергей Куденеевнинг юқорида тилга олинган “Муҳожирларнинг жинояти 2 баробарга камайди” мазмунидаги суҳбатини “Муҳожирлар тобора оғир жиноятларга қўл уришмоқда” сарлавҳали мақолага айлантирди.

Хабарда прокурорнинг фақатгина меҳнат муҳожирлари томонидан содир этилган қотиллик, номусга тегиш, босқинчилик каби жиноятлари рақамлари келтирилган.

“Мақола аниқ маълумотлар асосида тайёрланган, - деди ўзини сайтнинг фаол мухбири деб таништирган Полина. – Бизда ахборотлар оқими шунчалик каттаки, ҳар бирини текширишга вақтимиз ҳам имконимиз ҳам йўқ. Сизни қизиқтирган мақолани “Прокурор” журналидаги интервьюдан қисқартилган ҳолда тайёрлаганмиз. Рақам ва далилларнинг ҳаққонийлигига манба жавобгар”.

Аммо у ерда мазмун бутунлай бошқа, муҳожирларнинг жиноятлари икки баробар камайгани ёритилганди. Сайт эса нега фақат муҳожирларга қарши кайфиятни оширувчи фактлардан фойдаланди? – деган саволга у:

“Биз ўқувчиларимизни қизиқтирган масалаларга кўпроқ эътибор берамиз”, дея гапни қисқа қилди ва журналист холислиги ҳақидаги саволларга жавобни рад этиб, ҳеч кимга тушунтириш мажбурияти олмаганини билдириш билан суҳбатга якун ясади.

Яна бир нашр эса, меҳнат муҳожирларининг содир этаётган жиноятларини очлиги ва ночорлигидан дея изоҳлади.

“Оч бўлишмаганида, оиласи, ватанини ташлаб, Россияга иш ишлаб келишмасди. Улар дўконларда, ошхоналарда ўғирлик қилишаяпти, ночорлигидан босқинчилик қилиб уйларимизни ўмаришаяпти, кўзлари очлигидан аёлларимизга “кўз тикишаяпти”, айбларини яшириш учун ўлдиришаяпти” – деган сатрлар бор мақолада.

Ташвиқий маърузани эслатувчи бу мақоланинг сўнггида эса мақсад очиқ-ойдин баён этилган: “Буларга чек қўйишнинг биргина йўли – муҳожирларни юртимиздан чиқариб юборишдир!”

Муҳожирларга эса “тинчлик керак”

Ҳар гал меҳнат муҳожирлари содир этаётган жиноятлар хусусидаги хабарларни “Россиядаги ўзбеклар” гуруҳидаги ўқувчиларим билан бўлишганда, уларнинг норозиликларини кўраман.

Аксари изоҳларда бир-бирларига бегона юртда тинч юришни, эсон-омон уйга қайтишни маслаҳат беришади. Жиноятчига нисбатан нафратларини “цензурасиз” сўзлар орқали ҳам билдирадиганлар бор.

Меҳнат муҳожирлари яхши билишадики, бегона юртда хатто маҳаллий аҳоли вакили билан баҳслашиб қолиш ҳам кўнгилсиз оқибатларга сабаб бўлади.

“Бир куни рус ҳамкасбим билан хазиллашиб куч синашиб қолдик, - дея гапириб берди Дилмурод. – Мендан кўра жисмонан бақувват кўринарди, кучига ишониб баҳс бойлади. Ишдан кейин курашга тушдик. Мен ютдим, лекин у ғирромлик қилиб полиция чақирди. Гастарбайтерга ютқазгани алам қилди, шекилли. Бир неча кун “ўтириб” чиқдим”.

Яна бир муҳожир аёл эса, укаси маст киши билан жанжаллашиб ўзини ҳимоя қилиш пайтида полиция ушлаб қамаб қўйганини айтди.

“Кўришишга ҳам қўйишмаяпти, адвокат ҳам, таржимон ҳам беришмаяпти. Уриб-уриб айбини тан олишга мажбур қилишибди”, - дейди Моҳитобон опа.

Бу каби мисоллар жуда кўп. Меҳнат муҳожирларининг аксари ўз ҳақ-ҳуқуқсизлигини, ҳимоясизлигини билган ҳолда, қадамларини ўйлаб босишга одатланишган. Жуда кам қисмли жиноятчи юртдошларимиз эса ҳар жойда бўлгани каби “шоли ичидаги курмаклар”дир.

Қурбон муҳожирлар ҳам анча

Меҳнат муҳожирлари томонидан қанча жиноят содир этилган бўлса, маҳаллий аҳоли томонидан содир этилган жиноятлар оқибатида қурбон бўлган юртдошларимиз сони ҳам ундан балки ортса ортадики, асло кам эмас.

Афсуски, бу ҳақдаги аниқ маълумотларни топиш мушкулдир. Сабаби, матбуот бу каби хабарларни камдан-кам ёритади.

“Россияда қурбон бўлаётган ўзбеклар жуда кўп, топгани топилаяпти, топилмагани бедарак кетаяпти”, - дейди асли ўзбекистонлик юрист Усмон Баратов.

Юристнинг фикрича, марказий осиёлик меҳнат муҳожирларига нисбатан бу зайлдаги муносабат яхшиликка олиб келмайди..

Россияда жиноятчилик қурбони бўлаётган юртдошларимиз ҳақида мигрантлар учун бепул хизмат кўрсатувчи юрист Валентина Чупик “Бу борада ўзбекларнинг аҳволига фақат ачиниш мумкин”, - деди.

Бу ҳақда эса “Москваобод”, “Москвастон” каби ибораларни ўйлаб топишга зеҳнлари етган матбуот ҳодимларининг бош қотиришга негадир хоҳишлари йўқдек...