Мисрдаги намойишда Мурсийнинг 100 дан ортиқ тарафдорлари қони тўкилди

Мисрда тартибсизлик ва зўравонликлар янги куч билан аланга олган.

Қоҳирада Мурсий тарафдорлари ва хавфсизлик кучлари ўртасида шанбага ўтар кечаси ҳам давом этган қонли тўқнашувларда 100 дан ортиқ инсон ўлдирилган, минглаби ярадор қилинган.

Бу 2011 йилги инқилобдан буён Мисрдаги энг қонли кеча бўлгани айтилмоқда.

Би-би-си мухбири Қоҳиранинг Рабаа ал -Адавия масжиди атрофи жанг майдонини эслатиб, кўчалар қонга тўлганини хабар қилади.

Муҳаммад Мурсийнинг президентликка тикланишини талаб қилаётган норозилик иштирокчиларининг айтишича, Қоҳирада армия томонидан "оммавий қирғин"содир этилмоқда.

Оммавий намойишлар Мисрда жума кунги хуфтон намозидан кейин бошланиб кетган.

Мурсий тарафдорлари ўз норозиликлари изҳори сифатида "Мусулмон Биродарлар" ҳаракати маркази саналадиган Рабаа ал -Адавия масжиди атрофини ўраб олишади.

Армия тарафдорлари эса Таҳрир майдонига йиғилишган.

Бу ҳаракатлар қудратдан кетган президент Муҳаммад Мурсийга Фаластиннинг "Ҳамас" ҳаракати билан тил бириктирганлик айблови эълон қилингани манзарисида кечган.

Миср Ички Ишлар вазири Муҳаммад Иброҳим масжид атрофида ўтирган намойишлар "яқин орада қонуний тарзда тугатилиши"ни қатъий таъкидлаган.

Олдинроқ, муваққат ҳукуматнинг халқни армияни қувватлашга чақириғи мисрликлар томонидан фуқаролар урушига даъват сифатида тушунилган эди.

Ҳарбийлар исломийларга 48 соат вақт ичида "сиёсий жараёнга қўшилиш" талабини қўйган, акс ҳолда қаттиқ чора кўрилиши билан огоҳлантирганди.

"Мусулмон Биродарлар" вакили Жиҳод ал-Ҳаддаднинг Рейтерга айтишича, "хавфсизлик кучлари одамларни ярадор қилиш учун эмас, ўлдириш учун шафқатсизларча отишяпти".

"Мусулмон Биродарлар" Муҳаммад Мурсийга "турмада ёнғин чиқариб, маҳбусларни қочишига ёрдам берган" деб айб қўйилишини "кулгули ва бемаъни"деб атаб, бундай ҳолатлар "эски тузум" ни қайтаётганлигидан далолат беришини билдирган.

Муҳаммад Мурсий ва бир қанча сафдошлари 2011 йил Қоҳира турмасидан намойишчилар томонидан озод қилинганди.

Ҳамас ўз навбатида Миср қамоқхонасидаги ҳодисага алоқаси йўқлигини маълум қилди.

Қурбонларга қарамай, Қоҳирада оммавий намойишлар давом этмоқда. Кўчаларда минглаб одамлар қолмоқда.

Таҳлилчилар буни - Мисрда фуқаролик уруши бошланиши дея, баҳолашган.

Бу мавзуда батафсилроқ