Туркия бош вазири "Таймс" рўзномасини маҳкамага тортмоқчи эканини айтди

Image caption Бош вазир Ражаб Тойиб Эрдўғон борган сайин авторитар раҳбарга айланиб бораяпти, деб танқидларга тутилди.

Британияда чоп этиладиган "Таймс" рўзномаси Туркиядаги норозилик намойишлари бостирилиши танқид қилинган очиқ хатни эълон қилгани учун Туркия Бош вазири Ражаб Тойиб Эрдўғон рўзномани маҳкамага тортиш билан таҳдид қилди.

Бош вазир Ражаб Тойиб Эрдўғон сўзларига кўра, "Таймс" рўзномаси "ўз саҳифаларини пул учун ижарага бераяпти".

Истанбулдаги Гези паркини қайта қуриш режасига қарши чиққан норозилик намойиши иштирокчиларининг қаттиққўллик билан бостирилиши бутун Туркия бўйлаб қудратдаги Адолат ва Тараққиёт партиясига қарши аксилҳукумат намойишлари бошланишига туртки берди.

Туркия ҳукуматига қарши норозиликлар хорижий мамлакатларда ҳам уюштирилди.

Бу намойишларда Бош вазир Ражаб Тойиб Эрдўғон борган сайин авторитар раҳбарга айланиб бораяпти, деб танқидларга тутилди.

Норозиликлар камида тўрт инсон умрига зомин бўлгани хабар қилинган.

Шу ҳафтада "Таймс"да эълон қилинган очиқ хатда Туркия ҳукуматининг норозилик намойишларини бостириш амаллари қораланади ва бу амаллар "диктаторларга хос қоидалар"га қиёсланган.

Туркияда аксилҳукумат намойишларига қарши Адолат ва Тараққиёт партиясини дастаклаб катта сондаги намойишлар ҳам ташкил этилди.

Бу намойишларни эса хат муаллифлари Нацистлар Олмониясида Адолф Гитлер уюштирган намойишларга ўхшатганлар.

Очиқ хатни 30 киши имзолаган.

Очиқ мактуб муаллифлари сифатида Ҳолливуднинг қатор машҳур юлдузлари, санъаткор ва олимлар чиққанлар.

Улар орасида туркиялик пианиночи Фазил Сай, киноюлдузлар Шон Пен, Сюзан Сарандон, кинорежиссёр Девид Линч ҳамда британиялик тарихчи Девид Старкилар бор.

Туркиядаги NTV телеканали намойиш этган журналистлар билан мулоқотда Бош вазир ражаб Тойиб Эрдўғон "матбуот лой отиб, қани чўпга айланармикан, деб кутаяпти", деган.

"Таймс" ўзининг саҳифаларини пул учун ижарага бераяпти. Бу "Таймс"нинг инқирозга учраши. "Биз "Таймс" борасида ҳуқуқий йўлларни қидираяпмиз", деган жаноб Эрдўғон.

Очиқ хатга имзо чеккканлар эса "ўзларининг фикрларини ижарага берганлар", улар демократиянинг ҳақиқий дастакловчилари эмас, деб айтган Туркия бош вазири.

"Агар улар демократияга ҳақиқатдан ҳам ишонсалар, 50 фоиз овозни ютиб чиққан партиянинг раҳбарини диктатор деб атамаган бўлардилар", деб айтган Ражаб Тойиб Эрдўғон.

Бу мавзуда батафсилроқ