Адолат "дўкони" ва ё Туниснинг муқобил маҳкамалари

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Тунис Салафийлари

Йилларки Араб диктаторлари Исломий гуруҳларнинг “жиловини” қўлдан бермай келишди.

Аммо 2011 йилнинг исёни аксарият гуруҳларга очиқдан очиқ фаолият юритиш имкониятини яратди.

Араб баҳорини бошлаб берган Тунисда ҳам кичик, аммо яхши ташкиллаштирилган ақидапараст гуруҳлар қудратдаги ҳукумат билан беллашаман деб курашга тушдилар.

Зотан, бир маҳкама ўлароқ, бу замонавий дунёдаги маҳкама тизимига том тескари эди.

Ҳакамнинг столу стули йўқ эди.

У турган жойида “ҳукм” чиқарар эди.

Маҳкама худди “киоск”га ўхшар эди.

Аммо Туниснинг Бизерте шаҳарчасида бу каби “маҳкама”лар тобора оммалашиб борди.

Алал оқибат, айни “киоск”лар давлат мавқеисига жиддий дахл қила бошлади.

Бу каби “маҳкамалар” собиқ жиҳодий жангари Абдусалом Шариф томонидан юритилади.

Шариат қонунлари билан у барча масалаларга доир ўз қарорини беради.

Бир аёл ўз эридан арз қилиб келганди.

Унинг эри аёлни қўйиб юбориб, оила уйини ўзи ва жазмани учун олиб қолишни пайида экан.

Бошқа бир ота-она ўзларининг 14 яшар фарзандларини йўлдан уришга интилган ва мобил телефонини олиб қўймоқчи бўлган эркак устидан арзу ҳол қилиб келган.

Ҳатто ҳозир нафақага чиққан полициячи ҳам Абдусаломнинг хизматидан фойдаланмоқни жоиз деб билибди.

У ўз уйидан исталмаган ижарачини қувиш ниятида экан...

Ҳар ҳолатда ҳам Абдусалом ва унинг тарафдорлари ўзларига тушган арзларни давлат уддалай олмайдиган даражада самарали ҳал қилишаётган экан...

Арзҳол аёл ўз эри билан яшашда давом этмоқда.

14 яшар ўспиринга телефони қайтарилиб, “шилқимлик” қилган эркак деярли кўчага чиқмайдиган бўлиб қолибди...

Исталмаган ижарачи қўрқитилган ( қандай қўрқитилгани маълум эмас) ва нафақадаги полициячининг уйини тарк этган.

Аммо мулозимлар учун муаммо Абдусаломнинг ўзи...Июн ойида улар бу “муаммони” ҳал қилишди.

Абдусаломнинг “киоск-маҳкамаси” вайрон қилинди.

Ҳозир эса бу “маҳкамадан” фақат вайрона темир-терсаклар қолган, холос.

Унинг ўзи эса айримларнинг айтишларича Ливан ва ё Малига қочиб кетибди.

Аммо Абдусаломнинг давлатга таҳдиди ҳамон кун тартибидан тушгани йўқ.

Абдусалом Салафийлардан бўлган.

Дин ва дунё ўртасида

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Салафийлар Тунис давлатчилигига хавф деб кўрилади

Салафийлар дунё бўйлаб энг тез ривожланаётган сунний мазҳабидаги бир гуруҳдир.

Уларнинг назарида, Исломга Муҳаммад Пайғамбар вақтида қандай амал қилинган бўлса ҳозир ҳам шу йўлда давом этилиши керак.

2011 йилдан бери муқаддам диктаторлар таъқиби остида бўлган салафийлар ҳозир Тунис, Ливан ва Мисрда анчайин эркин фаолият бошлашган.

Аксарият Салафийлар ўз ақидаларини ёйиш йўлида зўравонликдан воз кечишади.

Аммо Тунисда кичик бир озчилик жиддий таҳдидга айланди.

Ўтган йил кузида Салафийлардан иборат бир гуруҳ оломон Тунисдаги АҚШ элчихонасига бостириб кирди.

Феврал ойида эса Салафийлар дунёвий мухолифат раҳбари Шукри Белайдни ўлдиришда айбландилар.

Июл ойи охирларида эса яна бир дунёвий сиёсатчи –социалист Муҳаммад Браҳми ҳам отиб ўлдирилди.

Ички ишлар вазирлигига кўра, ҳар иккала қотилликда ҳам бир хил қурол ишлатилган.

Бизертеда эса зўравонлик очиқ-ошкора эмас эди.

Салафий гуруҳлар “аҳлоқ гуруҳлари” тузишиб, норасмий полиция кучига айланишган ва Исломий адаб арконларини ўрнатиш ҳаракатига тушгандилар...

Би-би-си Араб хизмати ёзиб олган бир воқеада Салафий ёшлар маст эркакни қуршаб олишади.

Улардан бири бу эркакни темир занжир билан савалайди.

Бошқа бир тунислик эса машинада дўсти билан пиво ичиб ўтирганида йигирма нафарча Салафийлар томонидан калтакланганини айтади.

Унинг айтишича, зўравонлар “Оллоҳу Акбар” деб қичқиришган ва қиличлари билан уни ура кетишган.

Би-би-си Араб хизмати шунингдек Бизертедаги соҳилда бангивор модда сотишда гумонланган шахс Салафийлар томонидан сўроқ қилишини воқеасини видеотасвирга туширган.

Салафийлар бу одамни калтаклашгани ҳақидаги даъволарни рад этганлар.

Аммо у ўз танасида калтак изларини кўрсатган.

Аммо Бизертеда Салафийлар анчайин яширин фаолият йўлига ўтиб олишган.

Ўтган ойлар давомида полиция Бизертеда 60, мамлакат бўйлаб эса 2000 нафар Салафийни ҳибс қилишганини маълум этди.

Салафийларга қарши ҳукумат амаллари улар Кайруан шаҳрида анжуман ўтказишларига қаршилик билан бошланди.

Полицияни тошбўрон қилган ёшларга қарши кўздан ёш сиздирувчи газ қўлланди.

Ички ишлар вазири Муҳаммад Ал Аруйига кўра, инқилобдан кейин қонун ва тартиб издан чиқиб кетган.

“Биз яна қадамма қадам назорат ўрнатиш ҳаракатига тушдик. Давлат хавф остида қолди. Айрим гуруҳлар ҳукуматни ағдармоқчи бўлдилар. Биз жиддий амал қилишга мажбур бўлдик”, -дейди Ички ишлар вазири.

2011 йилдан бери Тунисни идора қилиб келаётган мўътадил Исломчи гуруҳ “Эннаҳда” ( Уйғониш) партияси учун Салафийларга қарши чора кўриш нозик масала эди.

Тунис нисбатан либерал бир мамлакат ва “Эннаҳда “партияси Мисрдаги “Мусулмон Биродарлар” ҳаракати каби қудратдан ағдарилмаслик учун ҳаракат қилиши ва айни вақтда мамлакатдаги Исломий сайловчиларнинг дастагини йўқотмаслик йўлида курашиши керак бўлади.