Каннда ўғирланган хазина ўзбекистонлик заргарга тегишли бўлган

Image caption Лев Левиев (ўнгда) россиялик миллиардер Роман Абрамович билан

Франция жанубидаги Канн шаҳрида якшанба куни ўғирланган 53 миллион долларлик қимматбаҳо зеб-зийнат буюмлари асли ўзбекистонлик заргар Лев Левиевга тегишли бўлган.

Ўғирлик якшанба эрталаб муҳташам Карлтон меҳмонхонасида ўтаётган заргарлик кўргазмасида юз берган.

Мазкур ўғирлик йиллик фильм фестивали ва бадавлат шахслар учун дам олиш масканлари билан ном чиқарган Канн тарихидаги энг йирик ўғирликлардан биридир.

Жиноят содир этилган вақтида заргар Левиев меҳмонхона залида ўз олмослари кўргазмасини ўтказаётганди.

Маҳаллий матбуотга кўра, бошига қалпоқ кийган ва шарф ўраган якка ўғри қўриқчилар қимматбаҳо тақинчоқларни сейфлардан кўргазма пештоқларига кўчираётган вақтлари ярим очиқ деразадан меҳмонхонага кириб олган.

У бир минутдан кам вақт ичида дипломатини зеб-зийнатлар билан тўлдириб, бемалол пиёда чиқиб кетишга муваффақ бўлган.

Агар ўғирланган жиҳозлар қиймати тасдиқланса, бу Франция тарихидаги иккинчи энг қимматбаҳо ўғирлик бўлади.

Ўзбекистонлик заргар

Ўғирланган зеб-зийнатнинг эгаси бўлмиш жаноб Левиев Бухоролик яҳудийлардан бўлиб, 15 ёшида оиласи билан Исроилга кўчиб кетган.

57 ёшли корчалон заргарлик бизнесини етти йил олдин Лондоннинг Олд Бонд Стрит кўчасидаги дўкони билан бошлади, ва тез орада Дубай, Нью-Йорк ва Сингапурда ўз дўконларини очди.

Бойлиги 1 миллиард атрофида экани айтилган жаноб Левиев Оврўпо ва Исроилдаги анъанавий яҳудийларнинг энг сахий ҳомийларидан бири деб кўрилади.

У заргарликни оиласи Исроилга келиб жойлашганидан сўнг, ўсмирлигида ўрганишни бошлаган. Олмон йўниш маҳоратининг 11 босқичини ўрганган Левиев, Исроилда ҳарбий хизматни тамомлагач, ўз олмос жиловлантириш бизнесини ташкил қилган.

Бора-бора у Россия ва Африкадаги олмос конларини сотиб олиб, жаҳон заргарлик бизнесидаги энг илғор шахслардан бирига айланган.