Покистонда Толибон 240 маҳбусни қамоқдан озод этди

Image caption Покистон Толибони ўз сафдошларини озод қилишга биринчи марта муваффақ бўлаётгани йўқ

Толибон жангарилари Покистон шимоли-ғарбидаги турмага ҳужум уюштириб, 240дан ошиқ тутқунларни озод қилишган.

Бу ҳақида маълумот тарқатган расмийларга кўра, Дера Исмоил Хон шаҳридаги турмага қилинган ҳужум душанба куни ярим тунда йирик портлашлар билан бошланган.

Қуролли кишилар сўнгра гранатамёт ва автоматик қуроллардан ўт очганлар.

Мазкур қамоқхонада юзлаб Толиблар ва ман қилинган гуруҳлар аъзолари сақланган.

Етмишга яқин ҳужумчиларнинг баъзилари полиция устбошларида бўлганлар.

Деярли тўрт соат давом этган ҳужумда 12 киши, жумладан олти полиция зобити ҳалок бўлган.

Шаҳар комиссари Муштоқ Жадун 243 нафар озод қилинган тутқунлар орасида ҳудкушлик портлашлари ва йирик ҳужумларни уюштиришда айбдор топилган ашаддий жангарилар бўлганини айтди.

Жаноб Жадунга кўра, ҳужумчилар ўз дўстларининг отларини овоз кучайтиргичларда айтиб чақирганлар.

Ўн тўрт маҳбус кечроқ полиция томонидан қайта қўлга олинган. Полиция қолган маҳбусларни овлашга киришар экан, Дера Исмоил Хон шаҳрида коммендантлик соати ўрнатилган.

Рейтер агентлиги мухбири Катерин Ҳурелднинг Би-би-сига айтишича, ҳужум ўта яхши тайёрланган бўлган бўлиб, ҳужумчилар "электр линияларини портлатганлар, деворларни бузганлар ва хавфсизлик кучларига пистирмадан ҳужум қилганлар".

Жаноб Жадун ҳозирга қадар қамоқхонада ўрнатилган 14та бомба хавфсизлантирилганини билдирди.

Ҳужум таҳдидлари

Маҳаллий яшовчининг билдиришича, ҳужум шу қадар кучли бўлганки, "ҳудуддаги ҳар бир уй титраб кетган".

Ҳужумчилар "Оллоҳу Акбар" ва "Яшасин Толибон" дея ҳайқирганлар.

Расмийларнинг айтишича, ҳукумат ўтган бир неча ҳафта давомида қамоқхона ҳужумга олиниши борасида таҳдидлар олганлар.

Покистон Толибони воизи Шоҳидулло Шаҳид ҳужум учун масъулиятни бўйнига олган. У 300 нафарча маҳбус озод қилинганини айтди.

Ўтган йил апрелида Банну шаҳридаги турмага уюштирилган ҳужумда юзлаб маҳбуслар озод қилинганди.

Мухбирларга кўра, ҳукумат энди жангарилар Дера Исмоил Хонда ҳам ҳудди шундай ҳужумни амалга оширишга қандай қодир бўлганлари борасида қийин саволларга юз тутадилар.

Толибон маҳбусларни озод қилиш бўйича ҳукумат билан музокара олиб боргандан кўра, турмаларни бузиб ўз сафдошларини озод қилиш стратегиясини афзал биладиган кўринади.

Ўтган ой, Исломободдаги мухбиримизга кўра, полиция Карачидаги қамоқхонага ҳужум уюштиришга шайланаётган Толибон аъзоларини қўлга олганини даъво қилганди.

Дера Исмоил Хон Покистоннинг тоғли қабилавий ҳудудидаги Хайбер Пахтунхва вилоятида жойлашган.

Охирги ҳужум Покистон расмийлари мамлакатнинг янги президентини тайинлашга тайёрланаётган вақтга тўғри келмоқда.

Янги президент сешанба куни парламент ва тўрт вилоят кенгашлари томонидан Осиф Али Зардори ўрнига тайинланади.