АҚШнинг баъзи мусулмон давлатларидаги элчихоналари вақтинча ёпилади

Image caption Америка Давлат Департаменти сўзчиси Мэри Харф бу қарор "хавфсизлик нуқтаи-назаридан" қабул қилинганини айтган.

Америка Давлат департаменти Қўшма Штатларнинг Яқин Шарқ, Жанубий Осиё ва Шимолий Африкадаги қатор элчихона ва консуллик идоралари хавфсизлик юзасидан якшанба куни ёпилишини маълум қилди.

Баъзи хабарларга кўра, бунга "Ал-Қоида" томонидан Американинг мусулмон давлатларидаги дипломатик ваколатхоналарига қилинаётган хавф сабаб бўлган.

Давлат департаменти вакилининг айтишича, бу қарор якшанба куни ишлайдиган барча элчихоналарга тегишлидир.

Бир қанча мусулмон давлатларида якшанба иш куни ҳисобланади.

Америка Давлат Департаменти сўзчиси Мэри Харф бу қарор вазиятга қараб якшанбадан бошқа кунларга ҳам талуқли бўлишини билдирган.

АҚШ расмийси бу қадам "хавфсизлик нуқтаи-назаридан" қабул қилинганини таъкидлаган.

Ушбу қарорга биноан, якшанба куни Баҳрайн, Исроил, Иордания, Қувайт, Ливия, Қатар, Саудия Арабистони, Яман, Афғонистон ва Бангладешдаги АҚШ элчилиги ишламайди.

Кейинги пайтларда мусулмон давлатларидаги норозилик ҳаракатлари пайти АҚШ элчилиги ҳам намойишчилар томонидан нишонга олингани кузатилган.

Ўтган йили 11 сентябрда Ливия пойтахти Бенғозидаги АҚШ элчилигига ҳужум уюштирилган, натижада элчи Кристофер Стивенс дохил 4 Америка фуқароси ҳалок бўлган эди.