Сноуден бошпанасидан норози Обама Россияга сафар қилади

Image caption Обаманинг айтишича, Россиягоҳида Совуқ уруш давридагидек эскича фикр юритади

АҚШ Президенти Барак Обама собиқ америкалик хавфсизлик агенти Эдвард Сноуденга Россия ҳукумати бошпана берганидан норози бўлганига қарамасдан, сентябрда Санкт-Петербургда бўлиб ўтиши мўлжалланган Йирик 20нинг йиғинида иштирок этиш ниятини билдирган.

Айни дамда Обама Россия Президенти Владимир Путин билан учрашиши ё учрашмаслиги ҳақида бирон маълумот бермади. Аввалроқ Оқ Уй икки президентнинг юзма-юз учрашуви ҳисобга олинаётгани ҳақида билдирганди.

Обама жанобларининг айтишича, Россия ҳукумати гоҳида Совуқ уруш давридаги фикр юритиш услубига қайтади.

"Мен Путинга бу каби фикр юритиш тарихда қолгани, ва биз энди келажак ҳақида ўйлашимиз кераклигини айтаяпман. Биз ҳозиргидан кўра самаралироқ ҳамкорлик қилишимиз мумкин", - деди АҚШ раҳбари Эн-би-си канали билан суҳбатда.

Президент, шунингдек, Сноуден даъво қилганидек, АҚШ фуқароларининг шахсий суҳбатлари ва ёзишмаларини кузатувчи тизим аслида мавжуд эмаслигини айтган.

"Бизда, агар кимдир террор таҳдиди билан боғлиқ бўлса, телефон суҳбати ёки электрон почта адреси орқали уларни топишга имкон берадиган баъзи механизмлар бор, холос", - деб айтди Обама.

Сноуденга бошпана

Ўтган ҳафта Россия ҳукумати, АҚШнинг ўз фуқаросини Вашингтонга топшириш талабларига қарамай, Сноуденга бир йиллик вақтинчалик бошпана берди.

Давлат департаменти баёнотида ўзаро музокараларда Сноуден мавзуси ҳам кўтарилиши айтилади.

Сноуден ўтган пайшанбада Шереметьево аэропортидан чиқиб кетганидан бери қаерда яшаётгани номаълум қолмоқда.

Бироқ, унинг адвокати Анатолий Кучерага кўра, Сноуден бир манзилда рўйхатдан ўтган ва энди унинг отаси Лон ўғлини келиб кўриш учун Россия визасини олиши кутилмоқда.

Унинг айтишича, Эдвард Сноуден ўзининг келгуси қадамлари борасида отаси билан маслаҳатлашишни истайди.

Россия ҳукуматининг Миллий Хавфсизлик Агентлигининг собиқ ходимига вақтинчалик бошпана бериш қарори Вашингтон ва Москва ўртасидаги алоқалар таранглашишига олиб келган.

Сноуден Америка фуқароларининг электрон ёзишмалари ва телефон суҳбатларини кузатишга қаратилган дастурлар борасида МХА махфий маълумотларини ошкор қилган.