Британия ноқонуний муҳожирларга "Уйингга кет!" демоқда

Image caption Лондон кўчаларида "Британияда ноқонуниймисан? Уйингга кет ёки қамоққа олинасан!" деган ёзувли машиналар пайдо бўлган.

Британияда ноқонуний муҳожирларга қарши бошланган кампания орқасидан 150 киши ушлангани хабар қилинмоқда.

Полиция рейдлари ноқонуний муҳожирларга қарши реклама кампанияси билан бирга бошланган.

Лондон кўчаларида "Британияда ноқонуниймисан? Уйингга кет ёки қамоққа олинасан!" деган улкан ёзувлар ва занжир акс этган юк машиналари пайдо бўлган.

Рекламада шунингдек "78070 номерига техт ёзинг, биз уйга қайтишингизда ёрдамлашамиз" деган ёзувлар бор.

Бироқ тўсатдан бошланган ва муҳожирларга қарши курашнинг у қадар таъсирли бўлмаган йўли нафақат жамоатчиликнинг танқидларига сабаб бўлган, балки бошқарувдаги коалиция орасига ҳам дарз солиши мумкин.

Муҳожирларга қарши рейдлар полиция томонидан вокзаллар, метро бекатлари, муҳожирлар жойлашган масканларда ўтказилган.

Натижада 150 га яқин киши, асосан Покистон, Нигерия, Ҳиндистон ва Гана фуқаролари ушланган. Улар депортация қилиниши учун махсус бўлимга олиб кетилган, иш берувчиларга эса катта миқдордаги жарималар солингани айтилади.

Миграция ишлари бўйича вазир Марк Хаппер ноқонуний муҳожирлар меҳнатидан фойдаланганлар қаттиқ жазоланишини огоҳлантирган.

Бундан ташқари Британияда Афғонистондан, Яқин Шарқ мамлакатларидаги нотинч вазиятдан қочиб келган минглаб муҳожирлар бор.

Уларнинг тақдири қандай кечиши ҳозирча номаълум.

Ҳукумат, биринчи навбатда миграцияни чеклашни талаб қилаётган Британия мустақиллик партияси миграцияга қарши шу тариқа курашмоқчи. Бироқ ҳукуматнинг режалари бу тарзда амалга ошиши қийин, дейишмоқда таҳлилчилар.

Айни пайтда MSN News ўтказган сўровга биноан 80 минг одам ёки 80 фоиз киши қўлланилаётган чораларни "ўта қаттиқ" деб баҳолаган.

Либерал-демократлар консерваторларнинг муҳожирлик сиёсатини танқид қилиб чиққан. Уларга кўра, бу чора нафақат таъсирсиз, балки инсон ҳуқуқларининг бузилишидир.

Тижорат ишлари бўйича вазир либерал-демократ Винс Кейбл ноқонуний муҳожирларга қарши акцияни "аҳмоқона ва ҳақоратли" деб атаган.

Полиция ҳаракати ва рекламаларни Британия мустақиллик партияси раҳбари Найжел Фараж ҳам танқид қилган.

"Ҳужжатларни талаб қилиш умуман Британияга хос одат эмас. Британияликлар ёнларида ҳужжатларини доимо олиб юришлари шарт эмас, деб таъкидлаган у. "Ноқонуний муҳожирликни чегарада тартибга солиш керак, кейин унинг оқибатларини тузатиш билан шуғулланмасдан", дейди у шунингдек.

"Автобуслардаги рекламалар таъсир қилишдан кўра, вазиятни таранглаштиради", деган фикрда Британия иқтисодий ва ижтимоий тадқиқотлар директори Жонатан Портес.- Ҳукуматнинг бу ҳаракати Британияга ўқишга, шунингдек Оврўпо давлатларидан ишга келаётганлар учун таъсир қилиши мумкин. Бу Британия иқтисоди ва ривожига ҳам таъсир қилиши шубҳасиз", деб таъкидлаган британиялик тадқиқотчи.