Миср: Мурсий тарафдорларини тарқатиш режаси ортга қолдирилди

Image caption Мурсий тарафдорлари "ҳар нарсага" тайёрликларини айтишмоқда

Миср хавфсизлик хизмати расмийларидан бирига кўра, қудратдан четлатилган президент Муҳаммад Мурсий тарафдорлари тўпланган норозилик жамлоқларини тарқатиш режаси қолдирилганини маълум қилган.

Унга кўра, норози одамларни уй-уйларига кетишга чақириқлар натижа беришига умид қилинган, бироқ, аксинча, йиғилган одамлар сони ортган.

Олдинроқ, Миср Ташқи ишлар вазири Набил Фаҳми намойишларга тез орада барҳам берилиши ҳақида маълум қилганди.

У агар иккитомонлама мулоқотлар иш бермаса, норозилик чиқишлари қонун доирасида тарқатилишини айтганди.

Айни пайтда расмийлар собиқ президентни ҳибсда ушлаш муддати 15 кунга узайтирилганини айтишган.

"Қон тўкилиши тайин"

Мусулмон Биродарлари ҳаракати агар намойишчиларга қарши куч ишлатилса қон тўкилиши эҳтимоли билан огоҳлантирмоқда.

Мурсий жаноблари Президентликдан четлатилганидан бери норозилик намойишлари давомида 250 дан ортиқ киши ўлдирилган ва қурбонларнинг аксарияти Мурсий тарафдорлари эди.

Муҳаммад Мурсий Миср тарихида демократик йўлда сайланган илк раҳбар эди.

Якшанба куни тунда Миср Ички ишлар вазирлигига яқин манба Би-би-сига норозилик намойишчиларининг икки жамлоғини тарқатиб юбориш амалиёти душанба куни кечда бошланиши ҳақида маълум қилди.

Унга кўра, бу босқичма босқич кечадиган жараён бўлади.

Аммо, душанба куни эрталаб Қоҳирада хавфсизлик кучлари ҳаракати кўзга ташлангани йўқ.

Рабаа Ал Адавия масжидининг атрофидаги жамлоқ ҳарбий нуқталар билан ўраб олинган.

Хавфсизлик кучлари иккала томонда ҳам ҳаракатланиши мумкин, сув ва озиқ-овқат йўллари кесиб қўйилиши эҳтимоли ҳам бор.

Шундан кейин улар сув пуркагич, кўздан ёш сиздирувчи газларни ишга солишлари мумкин деб айтган вазирлик мулозимлари Ню Йорк Таймс газетаси билан суҳбатда.

Ташқи ишлар вазири Набил Фаҳмий норозилик намойишчиларининг масаласи мулоқот ва ё қонун кучи билан тез орада ҳал қилиниши шартлигини айтган.

Унга кўра, мулозимлар уч ҳафтадан бери мулоқот йўли билан муаммони ҳал қилишга ҳаракат қилишган.

Намойишчилар ўзлари ўтирган жой атрофига қум тўлдирилган қоплар ва тошлар йиғишган.

Бу ҳаракатлар полиция томонидан эҳтимолий рейдларга қарши тайёргарлик деб кўрилмоқда.

Кўчадаги сотувчилар юзлаб газ ниқобларни сотишгани ҳақида айтишган.

"Биз шу ердамиз. Биз руҳан ҳар нарсага тайёрмиз. Намойишлар бўлагининг кириш чиқишида хавфсизлик чораларини кўриб қўйдик", деб айтган намойишчилардан бири Мустафо Ал Хотиб Рейтерс ахборот агентлигига...

Мулозимлар бир неча бор Рамазон ҳайити тугашига қадар кутишларини такрорлашганди.

Шунингдек, намойишчиларни тарқатиш жараёни бир неча кунга чўзилиши билан ҳам огоҳлантирганлар.

Ўз навбатида Мусулмон Биродарлари ҳам ҳушёрликка чақирмоқда.

Улар тарафдорларини Қоҳиранинг бошқа ҳудудларида ҳам тинч - ўтириш йўли билан норозилик изҳор этишга чақиришган.

"Биз тўнтариш раҳбарларига бир нарсани маълум қилмоқчимиз. Мисрликлар Инқилоб давом этишини исташмоқда...Одамлар барча хиёбонларга шу талаб билан чиқишади", деб айтган Мусулмон Биродарлари мулозимларидан Фарид Исмоил.

Якшанба куни Мурсий жанобларининг тарафдорлари яна янги норозилик намойишларга даъват қилишди.

Намойишларда қатнашган аёллар "Сиси хоин, Сиси қотил" дея ҳайқирдилар.

Уларнинг бу ҳайқириқлари ҳарбий кучлар раҳбари Генерал Абдул Фаттаҳ Ал Сисига қаратилганди.

Мухбирларимизга кўра, афтидан қарама қаршилик учун саҳна ҳам таъбир жоиз эрса, тайёр бўлиб қолган.

Эҳтимол, полиция бу гал анчайин эҳтиёткорроқ бўлар, аммо аксарият ўртада қон тўкилишидан хавотирлик билдирмоқда.