Қашғар маҳкамаси икки Уйғурни ўлим жазосига ҳукм этди

  • 13 Август 2013
Image caption Хитой матбуоти зўравонликда "террорчилар гуруҳи"ни айблаган.

Шинжон Уйғуристонининг Қашғар маҳкамаси шу йил 23 апрелда рўй берган зўравонликларда айблаб икки Уйғурни ўлим жазосига ҳукм этган. Яна уч кишига турли қамоқ жазолари тайинланган.

Хитой давлат матбуотига кўра, маҳкама бир кунда бўлиб ўтган.

12 августдаги маҳкама қарорига кўра, Муса Ҳасан ва Раҳмон Ғофур қотиллик ва терроризм бандларида айбдор деб топилган.

Қашғардаги зўравонликларда 21 инсон ҳалок бўлгани хабар қилинган.

Хитой расмийларига кўра, Қашғардаги ҳовлилардан бирида рўй берган тўқнашувда 15 расмий ёки хавфсизлик хизмати ходими ҳалок бўлган.

Давлат матбуотига кўра, ўлим жазосига ҳукм этилган Муса Ҳасан "террорчилар гуруҳи"нинг раҳбарларидан бири бўлган.

Синхуа ахборот агентлигига кўра, "террорчилар гуруҳи ноқонуний диний фаолият билан шуғулланган ва диний экстремизмни тарғиб этган".

Маҳкама ҳужжатларига кўра, айбдор деб топилганлар "10 та портловчи модда ясаганлар ва портловчи моддаларни синовдан ўтказганлар".

Уч Уйғурга тўққиз йилдан умрбод қамоқ жазосига бўлган жазолар тайинланган.

Хитой расмийларига кўра, маҳаллий ходимлари қурол-яроғ қидириб уйларда тинтув ўтказаётган пайти "қуролли банда" ҳужум қилган.

Уч жамоа ходими "маҳаллий резидентнинг уйида шубҳали шахслар ва пичоқларни аниқлаганларидан кейин улар гаровга олинган", дейилади Шинжон маъмурияти веб-сайтидаги хабарда.

"Полиция зобитлари ва жамоа расмийлари ҳодиса жойига шошилганлар. Гумондорлар уларга ҳужум қилиб ўлдирганлар. Улар, шунингдек, гаровда ушлаб турган жамоа ходимларини ҳам ўлдирганлар, уйга ўт қўйганлар", дейилади расмий хабарда.

Охирги йилларда маҳаллий Уйғурларнинг хавфсизлик кучлари, хитойлик Ҳанларга қарши ҳужумлари ҳақида бир неча марта хабар қилинган.

Жаҳон Уйғурлари Конгрессига кўра, аслида 23 апрел куни ҳукумат "қуролли шахслари" тозалаш кампанияси пайти бир ёш Уйғурни ўлдиришган.

Бундан ғазабланган Уйғурлар билан полиция ўртасида тўқнашув келиб чиққан.

Уйғурлар Шинжон аҳолисининг 45 фоизини ташкил этади, бироқ бу ҳудудларда хитойлик Ҳанлар сони ортиб бораётгани этник тўқнашувларга етаклаётгани айтилади.

Хориждаги Уйғурлар Хитой ҳукуматини Шинжондаги аҳоли таркибини туб аҳоли бўлмаган Ҳанларни бу жойга кўчириб олиб келиш билан ўзгартиришга интилаётганликда айблайдилар.

Пекин расмийлари Уйғурларни Шинжон минтақасини ажратиб олишга интилаётганликда айблайди, бироқ хориждаги Уйғур фаолларига кўра, Хитой ўзининг қатағон сиёсатини оқлаб кўрсатиш учун туркий мусулмонларни ёмонотлиқ қилмоқда.

Бу мавзуда батафсилроқ