Мурсий тарафдорларини тарқатиш амалиётида кўплаб инсонлар ҳалок бўлган

Image caption Камида 15 инсон ҳалок бўлгани хабар қилинган.

Мисрда фавқулодда ҳолат эълон қилинган.

Кечки соат 19 дан эрталабки соат 6 гача комендантлик соати амал қилиши хабар қилинган.

Миср полицияси Қоҳира шаҳридаги қудратдан ағдарилган президент Мурсий тарафдорларининг ўтириб ўтказаётган норозилик амалиёти жамлоқларини тозалашга киришган.

14 август куни эрталабдан Қоҳира шарқидаги "Раба ал-Адавия" масжиди атрофида ҳамда шаҳар ғарбидаги Наҳда хиёбонида қурилган чодир жамлоқлар томонга зирҳли булдозерлар ҳайдалди.

Полиция овоз кучайтиргичлардан намойишчиларни тарқалишга чақирди.

Отишма овозлари эшитилган ва Миср хафсизлик кучлари кўздан ёш сиздирадиган газ қўллагани ҳақида хабар қилдилар.

Орадан бир неча соат ўтиб расмийлар Наҳда хиёбони тозалангани ҳақида хабар тарқатдилар.

Бироқ ҳокимиятдан ағдарилган президент Муҳаммад Мурсийнинг ўз лавозимига қайта тикланиши талаби билан чиққан норозилик амалиёти иштирокчиларини дастаклаётган "Мусулмон Биродарлар" гуруҳи Миср хавфсизлик кучлари қирғин содир этаётгани ҳақида хабар қилмоқда.

Амалиётлар кечаётган ҳудудлар осмонини қалин тутун қоплаган, тепада чарх ураётган тикучарларни кўриш мумкин бўлган.

Қоҳирадаги Би-би-си мухбири "Раба ал-Адавия" масжиди олдида 50 жасадни кўрган.

Журналистлар шаҳарнинг турли жойларидаги амалиётлар борасидаги маълумотларни текшириш мушкуллигини айтадилар.

Миср соғликни сақлаш вазирлиги 149 инсон ҳалок бўлганини тасдиқлаган.

Бироқ "Мусулмон биродарлар" гуруҳига кўра, 2000 дан ортиқ одам ўлдирилган.

Гуруҳ ўз тарафдорларига мурожаат қилиб, яраланганларни шифохоналарга элтиш учун автомобиллар юборишни сўраган.

"Мусулмон биродарлар" гуруҳининг қатор аъзолари ҳибсга олинганлар.

Тушга яқин расмийлар Наҳда хиёбонини намойишчилардан кам талофотлар билан тозалаш амалиётини ўтказгани учун хавфсизлик кучларини мақтаб телевизион баёнот тарқатган.

Хиёбонда Муҳаммад Мурсий тарафдорлари қолмагани айтилмоқда.

Айни пайтда Мисрнинг бошқа ҳудудларида тартибсизликлар юз бергани ҳақида хабарлар олинмоқда.

Хусусан, Миср марказидаги қобтис насронийлари кўп яшайдиган Соҳаг шаҳрида уч черковга ҳужум содир этилган.

Александрия шаҳрида Мурсий тарафдорлари йўлларни тўсиб олишгани, Ассиут ва Миня шаҳарларида улар хавфсизлик кучлари билан тўқнашганлари ҳақида хабарлар олинмоқда.

Норозиликларга Миср ҳукумати томонидан кўплаб вилоят ҳокими лавозимларига эски армия зобитлари тайинлангани ҳам сабаб бўлган.

Муҳаммад Мурсий тарафдорлари 3 июлдан буён Наҳда хиёбони ва "Рабаа ал-Адавия" масжидини эгаллаб олишган, улар жаноб Мурсийнинг ўз лавозимига қайта тикланишини талаб қилмоқдалар.

Олдинроқ Би-би-си билан суҳбатда Миср Ташқи ишлар вазири Набил Фаҳмий намойишларга тез орада барҳам берилиши ҳақида айтган.

У норозилик "бениҳоя давом этиши мумкин эмаслигини", агар икки томонлама мулоқотлар иш бермаса, норозилик чиқишлари қонун доирасида тарқатилишини айтганди.

"Мусулмон биродарлар" гуруҳига кўра, 3 июлдан буён норозиликларни бостириш чоғида 250 инсон ҳалок бўлган, 5000 дан ортиқ киши яраланган.