Ғарбда ноқонуний муҳожирлар устидан қандай назорат қилинади?

  • 14 Август 2013
  • изоҳлар
Image copyright PA
Image caption Британиядаги "тутқунлар маркази" қамоқхонага ўхшаб кетади

Россия ҳукуматининг Москва шаҳрида ноқонуний муҳожирлар учун "чодир-жамлоғи"ни қуриш қатор халқаро ташкилотлар танқидига учрамоқда.

Меҳнат муҳожирларининг жамлоқда ушлаб турилиши бир ҳафтадирки, Россия матбуотининг энг кўп ёритилаётган мавзусига айланган.

Чодирлардаги муҳожирлар болалар лагерларига кўчирилиши айтилган бўлсада, ҳали ўзгариш йўқ.

Россиядан фарқли ғарб мамлакатларида ноқонуний муҳожирлар "тутқунлар марказлари"да ушлаб турилади.

Бундай марказларда ватанига ўз ихтиёри билан қайтишдан бош тортган ноқуний муҳожирлар сақланади.

Ян Булк Британиядаги муҳожирлар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилот раҳбаридир.

Би-би-си ундан Британиядаги тутқунлар маркази ҳақида сўради.

Ян Булк: Британиядаги тутқунлар марказлари инсонларни ўз ватанларига қайтариб юбриш мақсадида ишлатилади. Қонунан шундай. Лекин бу ерда биз гувоҳ бўлаётганимиз муаммо - баъзи инсонларнинг тутқунлар марказларида ҳаддан зиёд кўп ушлаб турилиши бўлмоқда. Биз бу ҳолатни бартараф этишга уриниб келаяпимиз. Ички ишлар вазири бир хорижий фуқарони ўз ватанига қайтарилиши учун зарур бўлган ҳужжатларни тайёрламагани сабабли инсонларни ойлаб тутқунликда ушлаб туриш инсонлар ҳуқуқларига мутлақо хилоф амалдир.

Би-би-си: У ерда ушлаб турилган инсонларда ташқарига чиқиш ҳуқуқи борми?

Ян Булк: Мавжуд тутқунлар марказларининг аксари ёпиқ муассисалар ҳисобланади. Улар кўпроқ қамоқхоналарга ўхшаб кетади. Ушлаб турилган инсонлар марказ ичкарисида ҳаракат қила олишади холос. Уларга ташқарига чиқиш рухсати берилмайди.

Би-би-си: Ташкилотингиз муҳожирлар муаммолари қандай ҳал этилиши керак деб ҳисоблайди?

Ян Булк: Ҳужжатсиз муҳожирлар масаласига турлича ёндашувлар бор. Ташкилотимиз Қўшма Штатлардаги сингари "мувофиқлаштирув" бўлишини истайди. Яъни, мамлакатда узоқ йиллардан буён яшаб, мамлакат иқтисодиётига ҳисса қўшган инсонларга қочқинлик мақоми берилиши шарт. Бу тартиб дуёнинг баъзи мамлакатларида жорий этилган ва яхши натижаларни кўрсатмоқда.

Би-би-си: Сиз айтаётган ғоялар жорий этилмаётганига сиёсатчиларнинг муҳожирлар муаммоларидан ўз манфаати йўлида фойдаланаётганлари эмасмикан? Мисол учун, Россияда ҳам ҳукумат ва ҳам мухолифат муҳожирлар картасини ўйнашаётган кўринади....

Ян Булк: Бу Британияда ҳам қизғин баҳс мавзуси ҳисобланади. Баъзи сиёсатчилар уларга овоз берган шахслар кўнглини топиш мақсадида муҳожирлар муаммоларини кўтариб туришади. Аммо, ҳақиқий вазиятни яхши биган баъзи сиёсатчилар, мисол учун Лондон ҳокими Борис Жонсон, мамлакатда ноқонуний яшаётган муҳожирларни авф этиш таклифи билан чиқишади. Улар муҳожирлар Британияга ишлаш ва ўз ҳаётларини яхшилаш учун келганликларини яхши билишади. Шунинг учун, бундай сиёсатчилар муҳожирлар истагини бажариш зарур, деб ҳисоблашади.