Миср инқирози: Зўравонликлар кучайиб, ўлим ҳоллари ортмоқда

Янги намойишлар
Image caption Намойишчилар бугунни "ғазаб куни" деб аташган

Қоҳира марказида янгидан норозилик намойишларига чиққан Муҳаммад Мурси тарафдорлари хавфсизлик кучлари билан тўқнашган. Расмийларнинг айтишларича, 38 намойишчи нобуд бўлган.

Би-би-сининг Яқин Шарқ бўйича таҳлилчиси Жереми Бовен 11 жасад ва кўплаб оғир яраланган одамларни кўрганини айтганди.

Тўқнашувлар четлатилган президент Муҳаммад Мурсининг минглаб тарафдорлари тўпланган Рамзес майдони яқинида юз берган.

Чоршанба куни Мусулмон Биродарлари тарафдорлари тўпланган жамлоқлар Миср хавфсизлик кучлари томонидан тозаланиши ортидан 638 инсон нобуд бўлган.

Бугунни намойишчилар "ғазаб куни" деб аташган ва икки кун олдинги қонли амалиётларга ғазаб изҳор қилишга чақиришган.

Аввал жума намози учун масжидларга йиғилган одамлар, кейин Рамзес майдони томон юришган.

Аммо, майдон хавфсизлик кучлари томонидан ўраб олинганди.

Image caption Ўлим ҳоллари ортмоқда

Мисрнинг муваққат ҳукумати полицияга намойишчиларга қарши жанговар қуроллар ишлатишга рухсат берганди.

Айни пайтда Қоҳира ташқарисида кечган намойишларда ҳам 12 инсон ҳаётдан кўз юмгани айтилмоқда.

Қоҳирада икки кундан бери фавқулодда ҳолат амалда. Би-би-си мухбирлари шаҳарда вазият таранг қолаётгани борасида хабар қилишганди.

Турли муносабатлар

"Шаҳар маркази ҳамон чоршанба кунги қонли ҳодисалардан ўзига келмагани кўриниб турибди", дея хабар қилганди Би-би-сининг Қоҳирадаги мухбири Наоми Гримли.

"Бир тарафда ўлганларга дафн маросимлари бўлиб ўтмоқда. Ғам-алам ва қалб яралари ҳамон янги".

Аммо, мухбиримизга кўра, шаҳарда қарашлар қутбли, хавфсизлик кучларининг чоршанба куни амалиётлари борасида одамлар турлича фикрдалар.

Айримлар намойишчиларни "террорчилар, каллакесарлар ва жиноятчилар" дея таърифлашган.

Баъзилар эса, норозилик жамлоқларини бу қадар кўп қон тўкмасдан туриб ҳам тарқатиш мумкин эди деган фикрни билдиришган.

"Тўкилаётган қон мисрликларнинг қони. У полиция бўладими, оддий одам бўладими, алал-оқибат биз ҳаммамиз мисрликмиз. Улар одамларга юмшоқроқ муносабат қилишлари керак эди ва ҳаддан зиёд куч ишлатмаслик лозим эди", деб айтган қоҳираликлардан бири.

Бугун намойишлар чоғи ҳам зўравонликлар юз бериши кутилаётганди.