Миср инқирози: хавфсизлик кучлари Ал-Фатҳ масжидини "тозалаган"

Image caption Тунни масжидда ўтказган одамлар янги зўравонликлар ва ҳибсга олишлардан чўчимоқдалар.

Миср рамийларига кўра, Жума Намозидан кейин бошланиб кетган қонли тўқнашувларда 170 дан ортиқ инсон ўлдирилган.

"Мусулмон Биродарлар" қонли воқеалардан сўнг Қоҳира ва бошқа шаҳарларда "Ғазаб марши"ни уюштирган ва ўз тарафдорларини бундай намойишларни ҳар куни ўтказишга чақирган эди.

Миср Ички Ишлар вазирлигига кўра, Қоҳирада ўтган куни 558 киши, мамлакат бўйлаб "Мусулмон Биродарлар"нинг мингдан ортиқ аъзолари ҳибсга олинган.

Юзлаб инсонлар тунни масжидда ўтказганлар.

Шанба куни хавфсизлик кучлари қудратдан ағдарилган Муҳаммад Мурсий тарафдорлари яширинган Рамзес майдонидаги Ал-Фатҳ масжидига қараб юрган.

Фотосуратларда одамлар жума кунги тўқнашув қурбонларининг жасадлари ётган масжидда баррикадалар ясаганлари кўринади.

Миср хавфсизлик кучлари Қоҳирадаги масжид қамалига барҳам бериш мақсадида ҳужумни кучайтирган.

Кечга яқин масжид хавфсизлик кучлари томонидан тозалангани хабар қилинган.

Image caption Мисрнинг марказий кўчалари ҳарбийлар томонидан ўраб олинган.

Би-би-си мухбири Бетани Беллнинг айтишича, масжид ичкарисидаги одамлар янги зўравонликлар ва ҳибсга олишлардан чўчимоқдалар.

Улар ҳарбийларга масжид олдидан кетишни талаб қилганлар.

Ал-Фатҳ масжиди жума кунги тўқнашувлардан кейин қурбонлар ва ярадорлар, шунингдек жон сақлаш учун қочган одамлар билан тўлган.

Маълумотларга қараганда, масжид ичида 1000 га яқин одам қамалиб қолган.

Давлатнинг Мена ахборот агентлиги масжид ичидан қуролланган кишилар ўт очгани ҳақида хабар тарқатган.

Мисрдан олинган сўнгги хабарларга кўра, хавфсизлик кучлари Ал-Фатҳ масжидига бостириб киришган.

Баъзи хабарларда айтилишича, полиция аёллар ва болаларга уйларига кетишга рухсат берган, эркакларни эса ҳибсга олинишини билдирган.

Айни пайтда масжид ичида 400 га яқин исломийлар борлиги айтилмоқда.

Мисрдаги вазият жуда таранг, кўчаларга катта сондаги бронетранспортерлар чиқарилгани ва Таҳрир майдонига борадиган барча йўллар ўраб олингани хабар қилинмоқда.

Расмий хабарларга қаралса, Муҳаммад Мурсий тарафдорларининг чодирларда ўтириб ўтказган намойишлари ҳарбийлар томонидан куч билан тарқатилиши орқасидан 600 дан ортиқ инсон ўлган.

"Мусулмон Биродарлар" эса қурбонлар сони анча кўплигини, 14 августда полиция ва намойишчилар тўқнашувида 2,5 мингдан ортиқ киши ўлдирилганини айтишади.

АҚШ Муҳаммад Мурсийнинг ҳарбийлар томонидан ағдарилишини "давлат тўнтарилиши" эканлигини тан олмай келмоқда.

Америка қонунларига кўра, давлат тўнтариши қилинган мамлакатга ҳарбий ва молиявий кўмак берилмаслиги лозим.

АҚШнинг Мисрга берадиган йиллик молиявий ёрдами 1,3 миллиардни ташкил қилади.

Республикачи- сенатор Жон Маккейн Обама ҳукуматини Мисрдаги давлат тўнтаришини ўз номи билан айтишга, ўз қонунларига амал қилган ҳолда Мисрга кўмак беришни тўхтатишга чақирган.

Бу мавзуда батафсилроқ