Миср ҳукумати "Мусулмон Биродарлар"ни тарқатишни хоҳламоқда

Image caption "Мусулмон Биродарлар" Мисрнинг 40 фоиз аҳолиси дастагига эга деб кўрилади.

100 лаб инсонлар ҳалок бўлган бир неча кунлик зўравонликлардан кейин Миср муваққат ҳукумати ўз амалларини оқлаш кампаниясини бошлаган.

Бунда хавфсизлик кучлари қудратдан ағдарилган президент Муҳаммад Мурсий тарафдорларининг норозилик чиқишларини нега бунча шафқатсизлик билан бостиргани оқланмоқда.

Муваққат ташқи ишлар вазири айтишича, ҳукумат давлат асосларини қўпориш амаллари билан юзма-юз келган.

Шу мақсадда Мисрнинг вақтли ҳукумати қудратдан кетказилган президент Муҳаммад Мурсийнинг "Мусулмон Биродарлар"исломий ҳаракатини тақиқлаш имкониятларини кўриб чиқяпти.

Мисрнинг вақтинчалик Бош вазирлик вазифасини бажараётган Ҳезим Беблавий жума куни "Мусулмон Биродарлар"ни расман тарқатиш таклифи билан чиқди.

Бу таклиф айни пайтда ҳарбийлар томонидан кўриб чиқилмоқда, деб айтган бош вазир матбуот воизи.

Шу билан бирга аҳолининг бу хабарга муносабати ҳам текширилаётгани айтилади.

Бироқ таҳлилчиларга кўра, ҳукуматнинг бу қарори амалга ошадиган бўлса, оқибатлари бутун минтақа учун жуда хатарли бўлиши мумкин.

"Мусулмон Биродарлар" тақиқланиши бошқа исломий ҳаракатлар каби янги шароитга тезда кўникиши эҳтимоли келтирилади.

2011 йил "Мусулмон Биродарлар" парламент сайловларида ғолиб чиққан, 40 фоиз сайловчиларнинг овозини олишга муваффақ бўлган. Сўнгра 2012 йил исломийлар қувватлаган Муҳаммад Мурсий президент этиб сайланган эди.

3 июл куни Муҳаммад Мурсийнинг ҳокимиятдан ҳарбийлар томонидан тўсатдан ағдарилиши орқасидан қонли тўқнашувлар бошланиб, минглаб қурбонлар берилишига сабаб бўлди.

"Мусулмон Биродарлар"нинг ҳаракати 1954 йил Камол Абдул Носир ҳаётига суиқасд орқасидан тақиқланган. 1984 йилдан улар Миср парламент сайловларида иштирок этиб келади.

Бироқ расмий мақомнинг йўқлиги уларга рўйхатдан ўтган партиялар қаторида қатнашишга имкон бермаган.

Мисрда бир неча ҳафтадан буён давом этаётган полиция ва исломийлар ўртасидаги тўқнашувлар натижасида "Мусулмон Биродарлар"нинг кўплаб тарафдорлари, жумладан етакчилардан Муҳаммад ал-Бадианинг ўғли, Муҳаммад Белтагийнинг 17 яшар қизи Асма ҳалок бўлган.

"Мусулмон биродарлар" гуруҳига кўра, 3 июлдан буён норозиликларни бостириш чоғида минглаб инсонлар қурбон бўлган, 5000 дан ортиқ киши яраланган.

Бу мавзуда батафсилроқ