Миср: собиқ президент Ҳусни Муборак кафолат пули эвазига озодликка чиқади

Image caption Ҳусни Муборак 30 йиллик ҳукмронлигидан кейин 2011 йилги инқилоблар натижасида ағдарилган эди.

Миср аппелляция маҳкамаси собиқ президент Ҳусни Муборакни кафолат пули эвазига озод қилиш ҳақида қарор чақарган.

Жаноб Муборак адвокатларининг Рейтерс ахборот агентлигига айтишича, 85 ёшли собиқ президент пайшанба куни қамоқдан озод этилади.

Прокурорлар маҳкаманинг ушбу қарорига қарши аппеляция аризасини киритиш ҳуқуқига эгалар.

Бироз олдин Миср маҳкамаси унга қўйилган коррупция бўйича охирги айбловни ҳам олиб ташлайдиган бўлса, Ҳусни Муборак озод бўлиши ҳақида унинг ҳимоячилари айтишганди.

Маҳкама собиқ президент сақланаётган турмада бўлиб ўтган.

Ҳусни Муборак 30 йиллик ҳукмронлигидан кейин 2011 йилги инқилоблар натижасида ағдарилган эди.

Араб оммавий ахборот воситалари ёзишича, Муборакнинг бу тарзда озод қилиниши мамлакатдаги шундоқ ҳам таранг вазиятга таъсир қилмай иложи йўқ.

Айни дамда кейинги ойларда тўхтовсиз давом тартибсизликлардан кейин Мисрда осойишталик ўрнатилгандек тасаввур уйғонади.

Лекин бу сокинлик вақтинчалик бўлиши мумкинлиги, Муборакнинг қамоқдан чиқиши вазиятни яна издан чиқаришидан хавотирлар билдирилмоқда.

Ҳусни Муборакнинг ҳимоячисига кўра, уни озод қилиш учун баъзи бир расмиятчиликларни бажариш керак холос. Бу узоғи билан 48 соат вақтни талаб қилади, дейди ҳимоячи.

Шу билан бирга, маҳкама собиқ президентни озодликка чиқариш бўйича қарор берган тақдирда ҳам 85 ёшли Ҳусни Муборак 2011 йилги ҳодисаларда намойишчиларни ўлимига алоқадорлик бўйича қайта эшитувда ҳозир бўлиши керак.

Image caption Ҳусни Муборакнинг озод бўлиши ҳақидаги хабарлар Миср матбуотида.

2012 йилда маҳкама Ҳусни Муборакни намойишчиларни ўлдиришга буйруқ берганликда айбдор топиб, бир умрлик қамоқ жазосига ҳукм қилган эди.

Шундан сўнг Муборакнинг ҳимоячилари маҳкамада қатор қонунбузарликлар содир этилганини даъво қилиб, ишни апеляция тартибида кўриб чиқилишига эришдилар.

Расмий ҳисоботга кўра, Мисрда 2011 йил инқилоби пайти жами 800 инсон ўлдирилган, минглаби ярадор бўлган.

Намойишчилар Муборакни ағдариб, муддатидан олдин парламент ва президентлик сайловлари ўтказилишига муваффақ бўлгандилар.

2012 йил Миср тарихида ўтган илк демократик сайловларда "Мусулмон Биродарлар" раҳбари Муҳаммад Мурсий мамлакат президенти этиб сайланди.

Орадан бир йўл ўтгач, 3 июлда халқ намойишлари ортидан ҳарбийлар томонидан давлат тўнтариши амалга оширилди ва Муҳаммад Мурсий дохил юзлаб исломийлар қамоққа олинди.

Бунинг ортидан бошланиб кетган ва юзлаб одамларнинг ўлимига олиб келган қонли воқеалар, кузатувчилар назарида 2011 йилги халқ инқилоби эришган ютуқларни чиппакка чиқаради ва Мисрни яна Муборак даврига қайтаради.

Бугун Оврўпо Итифоқи ташқи ишлар вазирлари Брюселда Мисрда юзлаб намойишчиларнинг ўлдирилишига қарши чораларни муҳокама қилишмоқда.

Аммо ҳозирнинг ўзида Саудия Арабистони ва бошқа форс кўрфази давлатлари Оврўпо Иттифоқи Мисрга бериладиган ёрдамни тўхтатгани тақдирда, бу ёрдамни тўла қоплашларини айтишган.

Бу мавзуда батафсилроқ