Ҳиндистон: мультфильмларга қарши фатво

Image caption Ҳиндистоннинг Деобанд шаҳридаги Дорул Улум мадрасаси уламоси мультфильмларни кўриш исломга қарши деган фатвони чиқаришган.

Ҳиндистоннинг Деобанд шаҳридаги Дорул Улум мадрасаси уламоси мультфильмларни кўриш исломга қарши деган фатвони чиқаришган.

Бу ҳақда Бангалорда чоп этилувчи Deccan Herald рўзномаси хабар берган.

Газета Муфтий Ориф Қосимийдан иқтибос келтириб: "Мультфильм бу сурат. Ундан ташқари у болалар учунгина кўзланилмаган. Демакки уни томоша қилиш ҳаромдир" - деб ёзган.

Исломда расм ва суратларга нисбатан турлича талқинлар мавжуд.

Энг кескинлари сурат ва расмни тўла ман этиб, булар Оллоҳнинг яратувчилигига келтирилган шак деб билишади.

Бошқа мактабларда эса фотосурат ва видеолар шаръий ҳисобланади.

Дорул Улум фатвоси Умум Ҳиндистон Шахсий Қонуниятчилиги муассаси аъзоси томонидан танқидга тутилиб, "Исломни мазаҳ этиш" деб баҳоланган.

"Назаримда бу фатвони чиқарган уламо на мавзудан хабардор, на бу мавзуни тушунишга ҳаракат қилишган" - деб айтган бу имом.

Ушбу мадраса баҳсталаб фатволарни илк бор чиқариши эмас.

Ўтмишда булар аёллар қўллаган атирлар таркибида алкогол бўлишини ҳаром деб айтишган, ундан ташқари джинс кийишни ё "ғарбийчасига соч кестиришни" ҳам номашруъ деб ҳукм чиқаришган.