Миср собиқ президенти Ҳусни Муборак қамоқдан озодликка чиқарилди

  • 22 Август 2013

Ўзининг ҳукми юзасидан аппелляция аризасини ёзиб, маҳкама озод қилиш қарорини чиқарганидан кейин Миср собиқ президенти Ҳусни Муборак 22 август куни Тора ҳибсхонасидан чиқарилган.

85 ёшли жаноб Муборакни олиб учгани айтилган тикучар пойтахт Қоҳира четидаги Тора қамоқхонасидан парвоз қилган.

Бир неча дақиқадан сўнг тикучар Қоҳиранинг яна бир чекка бўлгаси ҳисобланган Маадий туманидаги ҳарбий шифохонага қўнган.

Шифохонадан кейин Ҳусни Муборак уйига олиб ўтилиши ва уй қамоғида сақланиши хабар қилинган.

У ҳамон коррупция айбловлари ва 2011 йилда ўзининг ҳукмронлигига қарши норозилик намойишга чиққан кишиларни ўлдиришда иштирок этиш бандларида айбланмоқда.

Ҳусни Муборакнинг озод этилиши кўпчиликнинг назарида икки йил олдинги ғалаёнлардан кейин юз берган ўзгаришлардан ортга қайтиш аломатидир.

Мисрда ҳозир фавқулодда ҳолат эълон қилинган.

Мамлакатнинг сайланган Исломий Президенти Муҳаммад Мурсийни ҳарбийлар 3 июлда қудратдана ағдардилар.

Унинг лавозимига қайта тикланиши талаби билан норозилик намойишлари ташкил қилган "Мусулмон Биродарлар" гуруҳининг юзлаб аъзолари ва тарафдорлари ўлдирилди.

Шундан кейин ҳарбийлар дастаклаган муваққат ҳукумат Миср бўйлаб фавқулодда ҳолат эълон қилди.

"Мусулмон Биродарлар" гуруҳининг етакчи раҳбарларидан бири Муҳаммад Бадий дохил юзлаб аъзолари ҳибсга олинди.

Улар одамларни зўравонликка гижгижлаш ва қотиллик айбловларида айбланмоқдалар.

Мухбирларга кўра, бутун Миср бўйлаб таранглик сақланмоқда.

АҚШнинг Қоҳирадаги элчилиги ўз ватандошларига 23 август жума куни уйдан кўчага чиқмаслик маслаҳатини берган, Жума намозидан кейин янги кўча намойишлари бошланиб кетиши эҳтимоли билдирилган.