БМТ Сурияда гумон қилинаётган кимёвий ҳужумни текширишга эришмоқчи

Image caption БМТ текширувчилари ҳукуматнинг кимёвий ҳужумга алоқаси бор-йўқлигини аниқлаши керак.

БМТнинг юқори лавозимли мулозими Башар ал-Ассад ҳукуматидан Дамашқда содир этилгани айтилаётган ҳужумни ўрганишга рухсат сўраш учун Сурияга келмоқда.

БМТ Бош котиби Пан Ги Мун ўринбосарларидан Анжела Кейн тинч фуқароларга нисбатан кимёвий қурол қўллангани ростлигини аниқлаши лозим бўлади.

Пан Ги Мунга кўра, ушбу ҳодисани инсониятга қарши жиноят дея баҳоламоқ керак.

Кўпгина сиёсатчилар таъкидлашича, Сурия ҳукумати ўз фуқароларига нисбатан кимёвий қурол ишлатгани тасдиқланса, халқаро аралашувга сабаб бўлиши мумкин.

Франция, Британия ва Туркия БМТни Сурияга нисбатан қаттиқроқ жазо чоралари кўришга даъват қиляпти.

Сурия мухолифатига кўра, ҳукумат кучларининг Дамашқ четидаги туманни бомбардимон қилиши натижасида юзлаб инсонлар ҳалок бўлган, қурбонлар орасида болалар ҳам бор.

Интернетга жойлаштирилган видеолавҳаларда жабрланганларнинг ҳолдан кетиб чўзилиб ётгани кўринади.

Сурия ҳукумати тахмин қилинаётган ҳужумга алоқаси борлигини инкор қилмоқда.

Россия ва Хитой ўз навбатида БМТ Хавфсизлик Кенгашининг Сурияда иш бошлаган кимё мутахассислари ваколатини кенгайтириш ҳақидаги қарорига қарши чиққан.

Сурия можаросининг иккала томони ҳам бир-бирини кимёвий қурол ишлатганликда айблаб келади.

Миллионга етган қочқин болалар

Айни дамда БМТнинг Қочқинлар бўйича комиссарлиги хабар беришича, Суриядаги қочқин болалар сони миллионга етган.

Улар Сурия чегарасини тарк этганлар бўлиб, ЮНИСЕФнинг ҳисобича мамлакат ичкарисидаги жамлоқларда ҳам қарийб икки миллионга яқин қочқин болалар бор.

БМТ таҳлилчилари билдиришича, Сурия қочқинларининг деярли ярми 11 ёшгача бўлган болалардир.

Бу мавзуда батафсилроқ