Сноуден Британиянинг Яқин Шарқдаги кузатувларини фош қилган

Image caption Хитроу аэропортида Сноуден ҳақида "The Guardian"да ёзган Глен Гринвалднинг ҳамкори Давид Миранда ушланган.

Британия базаси бир қанча Араб давлатларида фуқароларга тегишли электрон хат ва телефон қўнғироқларини кузатган, деб ёзади The Independent газети собиқ жосус Эдвард Сноуден маълумотларига таяниб.

Британия махсус хизмат ходимлари буни махсус ўрнатилган кабеллар орқали амалга оширганлар ва олинган маълумотларни Британиянинг ҳукуматга алоқадор марказларига етказганлар. У ердан маълумотлар тўғри АҚШ миллий хавфсизлиги идорасига кетган.

The Independent Британиянинг Яқин Шарқдаги махфий базаси манзилини ошкор қилмаган.

Бундан олдин Guardian Сноуден берган маълумотларни New York Times нашрига узатганлиги, бунгача Британия ҳукуматига алоқадор расмийлар газетага босим ўтказганлиги айтилган эди.

"The Guardian"дан Сноуден берган хабарларни ўчириб ташлаш талаб қилинган.

"Ҳукуматдаги кишиларнинг кучли босимларидан кейин биз ишга америкалик ҳамкорларимизни жалб қилишга қарор қилдик. Биз "New York Times" ва бошқа нашрлар билан ҳамкорлик қилиб, Сноуден берган маълумотларни босишда давом этамиз",- дейилади "The Guardian" мурожаатида.

"New York Times" бу хабарни тасдиқлаган. Унга кўра, Guardianга қилинган босимлар туфайли маълумотларнинг бир қисми уларга берилган.

Бундан ташқари Хитроу аэропортида Сноуден ҳақида "The Guardian"да ёзган журналист Глен Гринвалднинг ҳамкори Давид Миранда ушланган.

Бу мавзуда батафсилроқ