АҚШ ҳарбий кемалари Сурия қирғоқларига яқин бормоқда

Image caption Америка кемалари Ўрта Ер денгизида шай турибди.

АҚШ Мудофаа вазири Чак Хэйгел Америка денгиз кучлари Ўрта Ер денгизи соҳилларида Суриядаги вазият боис "ҳар эҳтимолга қарши" тайёр туришини билдирган.

Унга кўра, Президент Обама Пентагондан Дамашқда кимёвий ҳужум борасидаги хабарга жавобан эҳтимолий ҳарбий амалиётлар режасини тузишни сўраган.

АҚШ Мудофаа вазирлиги таъкидлашича, Ўрта Ер денгизи шарқида тўртинчи ҳарбий кема жойлаштирилган.

Жума куни Сурияда кимёвий қурол ишлатилгани "жиддий хавотирлар" уйғотишини таъкидлаган Обама, Қўшма Штатларнинг Сурияга ҳарбий аралашуви БМТ рухсатисиз амалга ошмаслигини қайд этди.

Икки ярим йилдан буён фуқаролар уруши давом этаётган Сурияга халқаро ҳамжамиятнинг диққати кейинги кунларда яна кучайди.

21 августда Дамашқ четида йирик кимёвий ҳужум мингдан ортиқ кишининг ёстиғини қуритгани ҳақидаги хабар кўп ўтмай бутун дунёга тарқалди.

Кимёвий ҳужум содир этилгани бутунлай инкор қилинмаётган бўлсада, уни ким амалга оширгани- исёнчиларми ёки ҳукумат кучлари экани очиқ қолмоқда.

Сурия ҳукумати исёнчиларнинг армия кимёвий қурол қўллагани ҳақидаги даъволарини рад этди.

БМТ Башар ал-Ассад ҳукуматидан ўз текширувчиларига воқеа жойини бориб кўриб, текширишларига рухсат беришни сўради.

Шу мақсадда БМТнинг юқори лавозимли мулозими Анжела Кейн расмий Дамашқ билан музокара ўтказиш учун мамлакатга ташриф буюрган.

Бу мавзуда батафсилроқ