Ингушетияда нуфузли хавфсизлик расмийси ўлдирилди

Image caption Ингушетия хавфсизлик кучлари тобора кучайиб бораётган Исломий жангариларга қарши курашмоқдалар

Ингушетия хавфсизлик кучларининг юқори даражали расмийси ўз машинаси қуролли кишилар ҳужумига учраши ортидан ҳалок бўлган.

Аҳмад Котиев тонги 07:30да ишига сафар қилаётганда Нижние Ачалуки қишлоғи яқинида ҳужумга учраган.

Унинг ҳайдовчиси ҳам нобуд бўлган.

Ингушетия Президенти Юнусбек Евкуровнинг айтишича, жаноб Котиев юзлаб талафотларга сабаб бўлган исёнчиликка якун ясаш йўлида қилган ишлари учун нишонга олинган.

Ингушетия хавфсизлик кенгаши котиби бўлиб фаолият юритиб келган жаноб Котиев ҳужумдан сўнг касалхонага олиб борилган, бироқ жароҳатларидан вафот этган. Унинг ҳайдовчиси ҳодиса жойида ўлгани айтилади.

"Шараф"

Жаноб Евкуровнинг Россия матбуотига билдиришича, Котиев Исломий исёнчилар билан "жуда муваффақиятли" музокаралар олиб бораётганди ва уларни қуролларини топширишга кўндираётганди.

"У ҳар доим дилида борини гапирган, ерости гуруҳлар қариндошлари билан очиқча суҳбатлашган ва бандитларни қуролларини топшириб, нормал ҳаётга қайтишга ундаган", - деди у.

Жаноб Евкуров қотиллик усул масъул одамларни қидириб топиш "шараф масаласи" эканини айтди.

"Барча версияларни ҳисобга олаяпмиз, лекин энг аввало унинг касбий фаолиятига боғлиқ версияга эътибор қаратаяпмиз", - дейилади Россия тергов қўмитасининг баёнотида.

Ингушетия Чеченистон билан чегарага эга. Бўлгинчилар қўшни Чеченистонда ўтган 20 йил давомида Россия билан икки марта уруш олиб борганлар.

Зўравонликлар охирги йилларда Шимолий Қофқоз бўйлаб тарқалган ва аксари мусулмон аҳолига эга Ингушетия ҳам бундан мустасно эмас.

Юзлаб одамлар, хусусан ҳукумат ва хавфсизлик кучлари аъзолари ўлдирилган.