Хитойда ёш боланинг кўзини ким ўйиб олди?

Хитой полицияси олти ёшли болага ҳужум қилиб, икки кўзини ўйиб олган шахс ҳақида маълумот берганлар учун мукофот эълон қилди.

Бу ҳақда давлат матбуоти хабар берган.

Айтилишича, ҳодиса 24 август куни Шанкси вилоятида рўй берган.

Кўчага ўйнашга чиқиб кетган болани ота-онаси бир неча соатдан сўнг икки кўзи ўйиб олинган ҳолда топган.

Ҳозирда болакай шифохонага ётқизилиб, даъволанаётгани хабар берилган. Полиция унга ҳужум қилганлар ҳақида маълумот етказганлар учун 16 минг доллардан кўпроқ мукофот пули эълон қилди.

Боланинг ота-онаси маҳаллий фермерлардир.

Боланинг онасига айтишича, кўчада кетаётган вақти бир аёл унга ташланган.

Матбуотнинг хабар қилишича, боланинг кўзини ҳодиса юз берган ерда топишган. Лекин баъзи қисмлари йўқ бўлган.

Тахмин қилинишича, ҳужум инсон органлари трафикинги билан боғлиқ бўлиши мумкин. Аммо полиция боланинг топилган кўзи тўлиқ бўлганлигини айтган.

Полиция расмийсининг Associated Press хабар агентлигига айтишича, ҳужумчини топиш учун қўлларидан келган барча чораларни ишга солганлар.