Камерон ва Обама Сурияга қарши ҳужумни муҳокама қилишди

Британия Бош вазири Дэвид Камерон ва АҚШ Президенти Барак Обама телефон орқали Сурияга қарши ҳужум масаласини муҳокама қилдилар.

Британия Бош вазири қароргоҳининг маълум қилишича, Миллий Хавфсизлик Кенгашининг 28 август куни ўтказилажак мажлиси ва пайшанба куни парламентдаги муҳокамадан аввал жаноб Камерон "АҚШнинг Сурияга нисбатан қарашларига" қулоқ тутган.

Жаноб Камерон матбуот котибига кўра, Сурияга нисбатан қандай амаллар қўлланиши ҳақида ҳали бир қарорга келинмаган. Лекин бу амал ўтган ҳафта амалга оширилгани айтилган кимёвий ҳужумга нисбатан "мувофиқ ва қонуний" бўлишини айтди.

Сурия ҳукумати 21 август куни Дамашқ яқинида амалга оширилган ҳужумда исёнкорларни айбдор кўрмоқда. Ҳужум натижасида юзлаб кишилар ҳалок бўлгани хабар берилган.

Айни вақтда Суриядаги БМТ қурол назоратчилари хавфсизлик вазияти сабабли ўз фаолиятларини бир кунлик танафуссдан сўнг қайта бошладилар.

"Ҳужумга Ассад масъул"

АҚШ Президенти ва Британия Бош вазири ўртасидаги телефон сўзлашуви юз берган кимёвий ҳужумдан сўнг иккинчисидир.

Бош вазир қароргоҳи вакилининг айтишича, икки томон ҳужумда Башар ал-Ассад режими масъул эканлигига ишонадилар.

"Ҳукумат кучлари ўша минтақа устидан назоратни қайта қўлга олишга ҳаракат қилмоқда эдилар. Мухолифат томони бу каби ҳужумни амалга ошириш имконига эга бўлганлигининг ҳеч қандай далиллари йўқ", деди Британия расмийси.

АҚШ ва Британия расмийларига кўра, режаланаётган ҳужумдан мақсад режимни ўзгартириш эмас, балки Сурия ва бошқаларга кимёвий қуролдан фойдаланиш жазосиз қолмаслигини намойиш қилиш йўлидаги "чекланган амалиёт" бўлади.

Ғарбнинг ҳарбий амалиётлари Суриядан қочқинлар сонини янада кўпайтириши мумкинлигидан хавотирлар бор. Келгуси бир неча кун ичида юз бериши мумкинлиги айтилаётган ҳужум учун нишонлар ҳам ўта аниқлик билан танланиши кераклиги ҳам айтилмоқда.

Ғарб тинч аҳоли орасида қурбонлар юз бермаслиги учун ўта эҳтиёткорлик билан амал қилиши лозим бўлади.

Сурия ё-да унинг қўлловчилари томонидан жавобий амаллар эҳтимоли ҳам йўқ эмас.

Яна бир эҳтимол Ғарб ҳужумлари Ал-Қоидага алоқадор гуруҳларни ўз ичига олувчи мухолифат томонига қўллов беришидир.

АҚШ ҳарбийлари "ҳужумларга тайёр" эканликларини билдиришган. Аммо Британия Қуролли Кучларининг собиқ раҳбари бир маротаба ракета ҳужуми ортидан мамлакат кенгроқ миқёсли ҳарбий амалиётларга аралашиб қолиши эҳтимолидан огоҳлантирган.

Би-би-сининг мудофаа масалалари бўйича мухбири Керолайн Вяттнинг айтишича, ишонилишича ҳарбий ҳужум учун нишонлар аллақачон танланган ва бу нишонлар кимёвий ҳужумни амалга оширишда гумон қилинган ҳарбий базалар бўлиши мумкин.

Унга кўра, Сурияга қарши ракета ҳужумлари Форс кўрфази ва Ўртаер денгизидаги АҚШ ва Британия кемалари ё-да сувости кемаларидан амалга оширилиши мумкин.

Сурияга қарши ҳужум учун мавжуд кучлар

Ўртаер денгизида узоқ масофага учувчи ракеталар билан жиҳозланган АҚШнинг тўртта кемаси бор. Ракета ҳужумлари шунингдек, сувости кемаларидан ҳам амалга оширилиши мумкин.

Туркиянинг Инжирли ва Измир, шунингдек Иорданиядаги АҚШ ҳарбий базалари ҳам ҳужумларни амалга оширишда ишга солиниши мумкин.

Бундан ташқари минтақада АҚШнинг икки учоқ ташувчи кемаси ҳам мавжуд.

Британия British Trafalgar сувости кемасидан ракета ҳужумини амалга ошира олади. Бундан ташқари HMS Tireless кемаси ўтган ҳафта Гибралтар бўғозида қайд қилинган.

Минтақада бундан ташқари Британиянинг уч кемаси ҳозирда аввалдан режаланган машқлар доирасида мавжуддир. Бундан ташқари Қибрисда Британия Ҳаво Кучлари базаси бор.

Франсанинг учоқ ташувчи Charles de Gaulle кемаси ҳам ҳозирда Ўртаер денгизи жанубидаги Тулон бандаргоҳида. Франса қирувчи учоқлари Бирлашган Араб Амирликларидаги Ал-Даҳра ҳаво базасидан ҳам кўкка кўтарилишлари мумкин.

Бу мавзуда батафсилроқ