Обама: 'кимёвий ҳужум учун Сурия ҳукумати масъул'

Фото муаллифлик ҳуқуқи PBS
Image caption Оқ Уй Президент Ассад кимёвий қурол ишлатганига шубҳа қилмайди

Президент Обама Сурияга қарши ҳарбий мудохала борасида ҳозирча қарор қабул қилмагани, аммо Дамашқ яқинидаги кимёвий ҳужум учун Сурия ҳукумати масъул, деган хулосага келганлигини айтган.

Жаноб Обамага кўра, кимёвий қуролларнинг ишга солиниши АҚШ манфаатларига дахл қилган, огоҳлантирувчи зарба эса Суриядаги уруш оқибатларини жиловлашга ҳаракат қилган бўлур эди.

АҚШ телеканалига берган интервюсида у ўтган ҳафта юз берган кимёвий ҳужум борасида қўлга киритилган жосуслик маълумотларини ўрганиб чиққанликларини билдирган.

"Биз барча далилларни таҳлил қилдик ва мухолифат бу каби кимёвий қуролларга эга эканига ишонмаймиз",- деган жаноб Обама.

АҚШ Президентининг сўзлари Бирлашган Миллатлар Сурия борасида дипломатик боши берк кўчага кириб қолиши ортидан янграган.

Британия Хавфсизлик Кенгаши аъзоларини Суриядаги тинч фуқароларни ҳимоя қилишга қаратилган "барча зарур чоралар"ни кўришга рухсат берувчи резолюцияни қабул қилишга ундамоқда.

Аммо Суриянинг асосий иттифоқчиси бўлган Россия резолюцияни рад этган.

Қўшма Штатлар Москванинг "муросасиз мавқеъи"ни танқид қилган.

"Дипломатик фалажликдан Сурия раҳбариятига қалқон сифатида фойдаланилишига йўл қўйиб бўлмайди",- деб айтган АҚШ Давлат Департаменти воизи.

Ҳужум кечиктирилмоқда

Вашингтон Президент Ассад кимёвий қурол ишлатганини тасдиқловчи маълумотларни ҳануз эълон қилганича йўқ.

Сурия кимёвий қурол ишлатганини рад этади ва 21 август куни содир этилган ҳужум учун исёнчилар масъул эканлигини даъво қилади.

Ҳужумда юзлаб одамларнинг ҳалок бўлгани хабар қилинган.

Айни пайтда БМТнинг қурол-яроғ назоратчилари ҳужум билан алоқадор текширувларни давом этиришмоқда.

БМТ Бош Котиби Пан Ги Мун текширув якунига етгунича кутиб туришга чақирган.

Суриядаги кимёвий ҳужумга тезроқ жавоб беришга чақирган Британия ҳам ҳарбий мудохала борасида парламентда муддатидан аввал овоз бериш режасидан воз кечган.

Мухолифатдаги лейбористлар партияси ниҳоий овоз бериш БМТ назоратчиларининг ҳисоботидан кейингина бўлиб ўтиши кераклигини айтган.

Аммо айни пайтда Британия Ташқи ишлар вазири Уилям Хейг АҚШ Сурияга Британиясиз ҳам ҳужум қилиши мумкинлигини тан олган.

Сурияда 2011 йилда зўравонликлар бошланганидан буён 100 мингдан ортиқ инсон ҳалок бўлган, бир ярим миллиондан кўпроқ одамлар уйларини ташлаб чиқишган.