АҚШ Давлат котиби: 'Суриядаги кимёвий ҳужум қурбонлари сони бир ярим мингга яқин'

АҚШ Давлат котиби Жон Керрининг айтишича, ўтган ҳафта Сурия ҳукуматининг Дамашқ яқинида амалга оширган ҳужуми оқибатида 1429 киши ҳалок бўлган.

Жаноб Керрининг айтишича қурбонлардан 426 нафари ёш болалардир.

"Бу ҳужум қабул қилиб бўлмас даҳшатдир", деди жаноб Керри.

АҚШ Сурия ҳукуматини кимёвий қуролларни ишга солишдан тўхтатиш учун ҳарбий амалиётларни бошлашга даъват қилиб келмоқда.

Президент Башар ал-Ассад ҳукумати кимёвий қурол ишлатганлигини рад этган.

Сурия ҳукуматига кўра, кимёвий ҳужумни исёнкорлар амалга оширганлар.

Халқаро ёрдам ташкилотлари ўтган ҳафтадаги кимёвий ҳужум қурбонларини аввал 355 киши, деб айтгандилар.

Аммо АҚШ Давлат котибининг айтишича, 1429 киши қурбон бўлганлиги ҳақида фактлар бор.

Унга кўра, Сурия ҳукумати ҳужумдан уч кун аввал тайёргарлик кўра бошлаган.

"Биз биламизки кимёвий қурол ортилган ракеталар ҳукумат назорати остидаги ҳудудлардан келиб, фақатгина мухолифат назорати остида бўлган ҳудудларга тушган", деди жаноб Керри.

"Қўлимизда бор маълумотлар америка Жосуслик Хизмати ишончи қатъий бўлган маълумотлардир".

Давлат котибига кўра, эндиликда АҚШ ҳукумати келгуси қандай қадам бўлиши ҳақида Конгресс ва халқдан маслаҳат сўрайди.