АҚШ “чекланган амалиётлар” ҳақида эълон қилиши билан БМТ текширувчилари Сурияни тарк этишган

Image caption БМТ мутахассислари Сурияни тарк этишган

Сурияда кимёвий қуроллар ишлатилганига доир даъволарни текшираётган БМТ гуруҳи Дамашқни тарк этган.

Улар қўшни Ливан ҳудудига Америка “чекланган амалиёт” эҳтимоли ҳақида эълон қилишидан бир неча соатдан кейин ўтишган.

Америка жосуслик маълумотларига таяниб, АҚШ Давлат котиби Жон Керри ўтган ҳафта Сурия ҳукуматининг Дамашқ яқинида амалга оширган ҳужуми оқибатида 1429 киши ҳалок бўлганини айтган.

Жаноб Керрининг айтишича қурбонлардан 426 нафари ёш болалардир.

Сурия эса Американинг даъволарини “ ёлғонга тўла” деб таърифлаган.

Сурия ҳукумати кимёвий ҳужумда исёнкорларни айбламоқда.

БМТ мутахассислар гуруҳи Сурияда тўрт кун ишлашган.

Аммо якуний ҳисобот тайёр бўлишига икки ҳафта лозим, деб айтган БМТ Бош котиби Пан Ги Мун.

Би-би-си мухбирига кўра, БМТ мутахассисларининг Суриядан чиқиб кетиши Америка бошчилигида ҳарбий амалиётлар учун сиёсий ҳамда амалий тўсиқлар қолмаганини англатади.

БМТ мутахассисларининг ҳаётига хавф солиши мумкин бўлган ҳар қандай ҳужум кескин қораланиши турган гап эди, дейишади мухбирлар.

Суриянинг яқин иттифоқчиси саналмиш Россия эса БМТ Хавфсизлик кенгашининг розилигисиз “ҳар қандай бир томонлама ҳужум халқаро қонунчилик топталганини англатади” деган қарашда собит қолаётир.

Сурия президенти Башир Ал Ассад эса мамлакати Ғарбнинг тажавузига қарши ўзини ҳимоя қилишини айтган.

Франса президенти Франсуа Олланд ҳам Америка мавқеини дастаклаши ҳақида маълум қилган.

Дунёнинг “масъулияти”

Image caption Бугунги Дамашқ

Жума куни Президент Обама 21 август куни Дамашқда рўй берган кимёвий ҳужум бутун дунёга қаратилган мушт кўрсатиш экани ва Американинг “миллий хавфсизлик манфаатлари”га дахл қилишини айтган.

"Биз аёллар ва болалар, бегуноҳ инсонлар даҳшатнок тарзда газ ҳужумига тутиладиган дунёни қабул қилолмаймиз”, деб айтган Обама жаноблари.

Америка президентига кўра, дунё кимёвий қурол қўлланилмаслиги борасидаги аҳдни бузмаслик йўлида ҳаракат қилиши керак.

Барак Обама Вашингтон “ чекланган ва тор доирадаги ҳужум эҳтимолини” кўриб чиқаётгани, аммо бу Сурияга Америка аскарларининг қадами қўйилади дегани эмаслигини урғулаган.

Кимёвий ҳужум борасида нималар маълум?

Ҳозиргача расмий бўлмаган топилмаларга кўра:

Кимёвий ҳужум оқибатида 1429 инсон қурбон бўлган, улардан 426 нафари болалардирҲужумдан аввал бу минтақада Сурия армиясининг ҳарбий кимёвий қуроллар бўлинмаси вакиллари бўлишган

Сунъий йўлдошдан олинган суратларга кўра, кимёвий ракеталар ҳужум ҳақидаги илк хабар тарқашидан 90 дақиқа аввал отилган

100та видео тасвирда ҳужум оқибатида жабрланганлар кимёвий қуролдан заҳарланишда рўй берадиган аломатларга эгалиги кўрсатилган

Дамашқдаги юқори лавозимли мулозим сўзлашувларида кимёвий қурол ишлатилгани эътироф этилади ва БМТ мутахассислари қўлига бу борада далил тушишидан хавотир изҳор қилинади

Image caption Барак Обама иттифоқчи қидирмоқда

АҚШга кўра, айни маълумотлар тиббий ходимлар, гувоҳлар, журналистлар , видео тасвирлар ва минглаб ижтимоий тармоқ хабарлари билан дастакланмоқда.

БМТ Хавфсизлик кенгаши Сурия инқирозига четдан ҳарбий аралашувни ёқлашдан кўра, ёқламаслик эҳтимоли катта.

Бунга асосий сабаб Россиянинг бу каби ҳужумга мухолифлигидир.

Россия Президенти Владимир Путин Сурия ҳукуматининг кимёвий қуроллар ишлатганига доир Вашингтон даъволарини "мутлақо бўлмағур гап" дея рад этган.

Унинг Россия матбуотига айтишича, Сурия ҳукумати исёнкорларга карши курашда ғалаба килаётган бир пайтда, кимёвий қуроллар ишлатиб ўзини қопқонга солиб бериши бемаъниликдир.

У Президент Барак Обамага тинчлик учун Нобел мукофоти соҳиби бўлганлигини эслатган ва эҳтимолий ҳужумда қурбон бўладиганларнинг тақдири ҳақида ўйлашга даъват қилган.

Москва аввал ҳам Пекин билан биргаликда Сурияга доир резолютсияларга вето қўйган эди.

Пайшанба куни Британия парламенти ҳам Сурияга ҳарбий ҳужумда Буюк Британия иштирокини рад этиши Америкага зарба бўлди.

Америка мулозимлари Сурия масаласида коалитсия тузиш ҳаракатларини давом эттиришларини айтишмоқда.

Франса аввалроқ Американи қўллаб – қувватлашини маълум қилди.

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Британиядан фарқли ўлароқ, Америка ҳам, Франса ҳам ҳужум бошлаш учун парламентнинг розилигини олиши шарт эмас.

АҚШнинг яна бир иттифоқчиси Туркия Сурияга нисбатан НАТОнинг 1999 йили Югославияга нисбатан тутган йўлини такрорлаш керак деб чиқди.

Ўшанда НАТО Косоводаги фуқароларни ҳимоя қилиш учун 70 кун ҳаво ҳужумлари уюштиришган, бунда ҳам БМТ Хавфсизлик кенгашининг розилиги олинмаганди.

Туркия Бош вазири Режеб Тайиб Эрдўғон шунингдек, ҳар қандай ҳарбий ҳужумдан мақсад Сурия президенти Ассадни қудратдан кетказиш бўлиши керак деб айтди.

Путин далилларни кўрсатишни талаб қилди

Россия Узоқ Шарқида сув босган ҳудудлардаги вазият билан танишиб юрган Президент Владимир Путинга ҳамроҳлик қилаётган журналистлар унинг Сурия борасидаги вазият ҳақидаги фикрларини сўраганлар.

Президент Путин Дамашқ шаҳри атрофида қўлланилгани айтилаётган кимёвий қуролни Сурия ҳукумати ишга солгани ҳақидаги даъвони шубҳа остига олган.

Унинг айтишича, Сурия ҳукумат кучларининг қўли баланд келиб турган бир пайтда кимёвий қуролни ишга солиб халқаро кучларни Сурияга олиб киришни сўраётганларнинг қўлига "кўзир карта" бериш буткул бемаъниликдир.

"Бу провокациядан бошқа нарса эмас. Уни ташкил қилганлар халқаро амалиёт бўйича етакчи давлатлар, биринчи ўринда АҚШнинг дастакловига эришишни кўзлаганлар", деб айтган Президент Путин.

У Президент Обамага Тинчлик бўйича Нобел мукофоти совриндори сифатида бўлажак қурбонлар ҳақида ўйлаб кўришни маслаҳат бериши ҳақида айтган.

"Америкалик дўстларимизнинг мавқеъига келадиган бўлсак, уларнинг тасдиқлашича, Сурия ҳукумати армияси оммавий қирғин қуролини, яъни кимёвий қуролни қўллаган. Айтишларича, уларда бунга далил бор. Яхши, унда ушбу далилларни БМТ назоратчилари ва БМТ Хавфсизлик Кенгашига тақдим этсинлар", деган Россия раҳбари.

"Агар далиллар бор бўлса, улар тақдим этилиши керак. Улар тақдим қилинмадими, демак, улар йўқ", деб айтган Президент Путин.

Бу мавзуда батафсилроқ