Ҳиндистон: дунёни ғазаблантирган жинсий зўрлаш иши бўйича биринчи ҳукм

Ҳиндистондаги маҳкама ўтган йили мамлакат ва бутун дунёда одамларни дарғазаб қилган талаба қизни жинсий зўрлаш юзасидан бошланган маҳкама ишида илк қарорга келингани хабар қилинмоқда.

Исми-шарифи эълон қилинмаётган айбланувчи ўсмир адвокатининг айтишича, маҳкама уни айбдор деб топган.

2012 йил 16 декабрида пойтахт Деҳлида дўсти билан сайрга чиққан 23 ёшли талаб қиз жинсий зўрланган ва автобусдан ташлаб юборилган эди.

У ва дўсти оғир аҳволда шифохонага ётқизилган.

Талаба қиз даволаш учун Сингапурга юборилган, бироқ орадан икки ҳафта ўтиб оламдан ўтган эди.

Гуруҳ бўлиб жинсий зўрлаш ва қотиллик айбловлари қўйилиб бир неча киши ҳибсга олинган.

Жиноятни содир этган пайти 17 ёшда бўлган ўспириннинг ишини алоҳида маҳкамада ўтказишга қарор қилинган.

Маҳкама иши бир неча маротаба қолдирилди.

Вояга етмаганларнинг ишини кўриб чиққан маҳкама ўспиринни унга қўйилган бандлар бўйича айбдор деб топган.

Бироқ маҳкама қарори расман эълон қилинмаган.

Ҳиндистон қонунчилигига кўра, вояга етмаган шахс жинсий зўрлашда айбдор деб топилса, уни ахлоқ тузатиш ишларига жалб қилиш билан уч йиллик жазо тайинланиши мумкин.

Вояга етган тўрт кишининг маҳкамаси алоҳида судда ўтказилмоқда.

Бу маҳкамада ҳукмнинг кейинги ҳафталарда эълон қилиниши кутилмоқда.

Уларга ўлим жазоси тайинланиши мумкин.

Бу мавзуда батафсилроқ