Президент Никсон билан суҳбатлашган Дэвид Фрост ҳаётдан кўз юмган

Image caption Сэр Дэвид Фрост дунёдаги кўплаб мамлакатларнинг раҳбарлари билан суҳбатлашган.

Таниқли Британ телебошловчиси ва ёзувчи Сэр Девид Фрост 74 ёшида юрак хуружидан вафот этган.

Дэвид Фрост собиқ АҚШ президенти Ричард Никсонни қийин-қистовли саволга қўйган интервьюси билан машҳур бўлганди.

Бу суҳбатда Ричард Никсон Америка халқидан кечирим сўраган.

Сэр Дэвид Фрост дунёдаги кўплаб мамлакатларнинг раҳбарлари билан интервьюлар қилган.

Жумладан, у Америка Қўшма Штатларининг етти президенти билан, Британиянинг саккиз бош вазири, Жанубий Африка Республикаси собиқ президенти Нелсон Мандела, Россия Президенти Владимир Путин ва бошқалар билан савол-жавоблар уюштирган эди.

Сэр Дэвид Фрост Британия собиқ бош вазири Маргарет Тэтчердан Фолкленд уруши ҳақида, собиқ Бош вазир Тони Блейрдан Ироқ уруши ҳақида сиёсатчиларни қийин аҳволга солиб қўйган саволларни берган.

У ҳаётининг охирги кунларигача ҳам бош қароргоҳи Дохада жойлашган Қатарнинг "Ал-Жазира" телеканали учун инглиз тилида интервьюлар қилган.

Ҳар ҳафтада "Ал-Жазира"да "Фрост интервьюси" деган кўрсатув эфирга узатилар эди.

Дэвид Фрост Англиянинг Кент графлигида туғилган.

У Кембридж университетини тамомлаган.

Университетдан кейин ITV телеканалида ишлаган.

Сўнг Дэвид Фрост Би-би-сига таклиф қилинган ва "Фрост ҳисоботи" ва "Бўлгану, бўлиб-ўтган ҳафта" деб номланган машҳур кўрсатувларга бошловчилик қилган.

Дэвид Фрост оламдан ўтгани ҳақидаги хабардан қайғуга ботганини айтган Британия Бош вазири Дэвид Кэмерон унинг "ўзининг дўсти ва қўрқинчли интервьючи" бўлганини тан олган.