Сурияга ҳужум 9 сентябрга қолдирилдими?

Image caption БМТ текширувчилари Сурияда тўрт кун бўлганлар.

АҚШ Президенти Барак Обаманинг Сурияга ҳарбий амалиётни ортга сурганини АҚШ конгрессменлари олқишлаганлар.

Бироқ Сурия мухолифатига кўра, Американинг Сурияга ҳужумни қолдиргани Президент Башар ал-Ассадни "руҳлантиради".

Дамашқда бўлиб турган Би-би-си мухбири Жереми Боуэннинг айтишича, шанба куни Президент Обаманинг эълон қилган баёноти у ердаги одамларни тинчлантирган.

Чунки кўпчилик дам олиш кунлари - 31 август-1 сентябр кунлари Сурияга ҳужумлар бошланиб қолади, деган қўрқувда эди.

Оқ Уйда қилган баёнотида Президент Обама Сурияга ҳужум зарур, деб айтган.

Унинг сўзларига кўра, "амаллар чекланган" бўлади.

АҚШ президенти Сурияга ҳужумда қуруқлик қўшинлари қатнашмаслигини маълум қилган.

Бироқ жаноб Обама "Сурия ҳукуматининг кимёвий қурол ҳужумларини содир этиши олдини олиш учун" куч ишлатишдан олдин АҚШ Конгрессидан маъқуллов олишга қарор қилган.

АҚШ конгрессменлари ҳозир ёзги таътилдалар, улар 9 сентябрда таътилдан қайтадилар.

Сурия мухолифатининг Миллий Коалицияси Президент Обама қарорини танқид қилган.

Сурия Миллий Коалициясига кўра, бу "АҚШнинг етакчиликни уддалай олмагани"дир.

Мухбирларга кўра, АҚШ Конгрессининг қандай қарорга келиши ноаниқ.

АҚШ Давлат котиби Жон Керри Сурия ҳукумати тинч фуқароларга қарши кимёвий қурол ҳужумини амалга оширганини исботловчи далилларга эга эканларини айтган.

Америка жосуслик маълумотларига таяниб, АҚШ Давлат котиби эълон қилишича, Сурия ҳукуматининг Дамашқ атрофидаги кимёвий ҳужумлари оқибатида 1429 киши ҳалок бўлган.

Жаноб Керрига кўра, қурбонларнинг 426 нафари ёш болалардир.

31 август куни Сурияда тўрт кун бўлган БМТ кимёвий қурол бўйича назоратчилари ортга қайтганлар.

Назоратчилар кимёвий ҳужумлар саҳнаси деб айтилган жойлардан тупроқ, инсонлар қони ва сиёдиги намуналарини олганлар.

Бу намуналар лаборатория текширувлари якунлари икки ҳафтада маълум бўлади, шундан кейин БМТ текширувчилари ўз хулосаларини Бош котиб Пан Ги Мунга тақдим қиладилар.

Айни пайтда Россия Президенти Владимир Путин АҚШ расмийларининг кимиёвий қурол ҳужумини Сурия ҳукумати амалга оширгани ҳақидаги баёнотини шубҳа остига олган, бу далилларни БМТ назоратчилари ва Хавфсизлик Кенгашини тақдим этишни сўраган.

1 август куни Араб Лигасига аъзо мамлакатлар ташқи ишлар вазирлари Қоҳирида тўпланиб Суриядаги вазиятни муҳокама этишга қарор қилганлар.

Бу мавзуда батафсилроқ