Эронлик аёллар ҳижобда регби ўйнаётгани баҳсларни қизитган

Эрон интернет нашрларида аёллар регбиси, хусусан спортчиларнинг ташқи кўриниши ислом талабларига қанчалик мос келиши ҳақида баҳс қизиган.

Аёллар Профессионал регби лигаси мамлакатда пайдо бўлганига бир неча йил бўлди. Иштирокчилар спорт либослари ва бошларида рўмол билан, лекин юзлари очиқ ҳолда ўйинларда қатнашишади. Лекин бу мавзуга жамоатчилик эътибори шу кунларда ошгани кузатилмоқда.

Ҳаммаси анъанадор Bultan News сайти миллий чемпионат ўйинидан олинган суратларни "Бизга аёллар регбиси керакми?"сарлавҳаси остида босганидан сўнг бошланди.

Шундан сўнг суратларга изоҳлар ёғилди. Баъзи бир фойдаланувчилар сайтнинг нуқтаи назарини ёқласа, бошқалари редакторларга ёқмаса спортчи қизларнинг суратини интернетга чиқармаслик кераклигини айтади, учинчилари диний уламолардан бу масалада изоҳ беришни сўраган.

Шу билан бирга регбичи аёллар ҳижоб кийиш тўлақонли ҳаёт кечиришга халақит бермаслиги, жумладан спорт билан шуғулланиш мумкинлигини кўрсатиб, Ислом қадриятларини мустаҳкамлашга хизмат қилаётганларини айтадиганлар ҳам бор.

"Албатта бу суратларни оятуллога намойиш қилиш керак, лекин мен бу ерда нимани қоралаётганларига тушунолмаяпман, Ислом қонунларида регбига қарши ҳеч нарса дейилмаган. Юзни ҳам бутунлай ёпиб олиш шарт эмас. Улар ҳижоб кийишади ва бу етарли",- деб ёзилади Parsine сайтидаги изоҳларда.