"Американинг Сурияга ҳужуми "Ал-Қоида"га қўл келади"

  • 2 Сентябр 2013
Image caption Сурия Ташқи Ишлар вазири Файсал Меҳдад "Ал-Қоида" кучайишидан огоҳлантирди.

АҚШ Сурияга ҳужум қиладиган бўлса, бу терроризмнинг қулоч ёйишига йўл очади, деб айтган Сурия Ташқи Ишлар вазири Файсал Меҳдад Би-би-си мухбири Жереми Боуэнга берган интервьюсида.

"Американинг ҳар қандай ҳужуми Ал-Қоидани қўллашга тенгдир", деб ҳисоблайди Дамашқ расмийси.

Сурия Ташқи Ишлар вазирига кўра, 21 августдаги кимёвий ҳужумга ҳукумат кучлари эмас, балки айнан Америка дастаклаётган исёнчилар масъулдирлар.

Америка эса заҳарли зарин газини Башар ал- Ассад армияси қўллаганига доир далиллар борлигини таъкидламоқда.

Бу ҳаракат жавобсиз қолмаслигига ваъда берган АҚШ Президенти Барак Обама кейинроқ конгрессменлар дастакини олишга қарор берди.

АҚШ Конгресси кейинги ҳафта иш бошлайди. Оқ Уй маъмурияти Сурияга ҳужумни Конгресс қувватлашига умид қиляпти.

Бироқ Конгресснинг Обама таклифини маъқулламаслиги эҳтимоли президентнинг обрўйига жиддий путур етказиши мумкин, деб таъкидлайди Би-би-си таҳлилчиси Марк Марделл.

Айни пайтда Араб Лигаси давлатлари дунё ҳамжамиятидан Ассад тузумига қарши ҳарбий аралашувни кечиктирмасликни сўраган бўлса, Ливан ва Ироқ бу чақириқни ёқламади, Иордания муаммони сиёсий йўл билан ҳал қилиш кераклигини айтди.

Сурия Ташқи Ишлар вазири Файсал Меҳдад шунингдек, Америка босқини "америкаликларга қарши кайфият"ни кучайтириши ва Яқин Шарқдаги вазиятни издан чиқариши мумкинлигидан огоҳлантирди.

Жаноб Меҳдад конгрессменлар Сурияга ҳужум муҳокамасида аввало Исроил манфаатларидан келиб чиқиб ёндашишларига шубҳа қилмаслигини билдирди.

Ҳарбий амалиётни Конгресс қувватлашига ишонч билдираётган АҚШ Давлат котиби Жон Керрига кўра, конгрессменлар "ўртага нима қўйилганини яхши англаган ҳолда тўғри қарор қабул қиладилар".

Ҳарбий амалиёт

Бироқ Қонун палатасининг баъзи вакиллари Обаманинг таклифи қанчалик самарали бўлишини савол остига олмоқдалар.

"Мен ҳали ҳам аниқ тасаввур қилолмаяпман. Ҳужумнинг натижаси қандай, у қанчалик самарали бўлади. Ва бунга қарши Эрон ёки Суриянинг жавоби Исроилга ёки бизга қандай бўлади. Шунингдек, халқаро ҳамжамият биз билан қанчалик якдил, бу бутунлай ноаниқ", - деб айтган демократ Жим Хаймс.

Сурияга қарши босқин содир этиладиган бўлса, амалиётда Американинг беш ҳарбий кемаси, икки қирувчи учоғи, шунингдек Франция қирувчи учоқлари қатнашиши эҳтимоли айтилмоқда.

Ҳаво ҳужумлари Туркия ва Иордания авиабазаларидан туриб амалга оширилиши мумкинлиги айтилган, бироқ Иордания Бош вазири Абдулла ан-Нусур Иорданиядан бундай ҳужум қилинмаслигини маълум қилди.

Америка ва Оврўпонинг бир қанча шаҳарларида Сурияга эҳтимолий ҳужум қораланган намойишлар бўлиб ўтган.

НАТО қатнашмайди

Душанба куни НАТО Бош котиби Андерс Фог Расмуссен Шимолий Алянс Сурияга қарши ҳарбий амалиётларда қатнашмаслигини расман билдирди.

"Биз Суриядаги вазиятни муҳокама қилмоқдамиз. Туркияни ҳимоя қилишимиз мумкин, лекин бундан ортиғи эмас. Амалиётда қатнашишни ҳал қилиш ҳар бир давлатнинг ўз иши. Лекин Суриядаги воқеалар жазосиз қолмаслиги керак.", деган у.

БМТга мурожаат

БМТ Бош котиби Пан Ги Мун номига ёзилган хатда Суриянинг ташкилотдаги вакили Башар Жафарий можарони сиёсий йўл билан ҳал этиш ва мамлакатини ташқи тажовуздан ҳимоя қилишни сўраган.

Америка жосуслик маълумотларига таяниб, АҚШ Давлат котиби эълон қилишича, Сурия ҳукуматининг Дамашқ атрофидаги кимёвий ҳужумлари оқибатида 1429 киши ҳалок бўлган.

Қурбонларнинг 426 нафари ёш болалардир.

31 август куни Обаманинг "чекланган амалиётлар" ўтказиш қароридан сўнг Суриядаги кимёвий қурол бўйича БМТ назоратчилари ортга қайтганлар.

Россия Президенти Владимир Путин ўз ўрнида АҚШ расмийларининг кимиёвий қурол ҳужумини Сурия ҳукумати амалга оширгани ҳақидаги баёнотини шубҳа остига олган, бу далилларни БМТ назоратчилари ва Хавфсизлик Кенгашини тақдим этишни сўраган.

Бу мавзуда батафсилроқ