Суриядаги қочқинлар сони икки миллиондан ошган

Бирлашган миллатлар ташкилотининг қочқинлар бўйича агентлигига кўра, Суриядан шиддат билан катта сондаги аёллар, болалар ва эркаклар оқиб кетмоқда. Аксарият ҳолатларда улар фақат эгниларидаги кийим билан ватанларини ташлаб чиқишаётир.

Қочаётганларнинг ярми болалар ва БМТ тахминига кўра, уларнинг тўртдан уч қисми 11 ёшдан кичик болалардир.

АҚШнинг Сурияга чекланган ҳарбий амалиёт ўтказиш қарори қочқинлар оқимини кўпайтирган.

Суриянинг энг кичик ва энг имконсиз қўшниси Ливан энг кўп қочқинларга бошпана берди.

Шу пайтгача 700 мингга яқин қочқин қўшни Ливанга ўтган.

Ҳозирги хабарларга кўра, ҳар олти ливанликка биттадан Суриялик қочқин тўғри келар экан.

Сурия қочқинларини бағрига олганлар қаторида иккинчи ўринни Иордания, учинчисини Туркия эгаллаб турибди.

Мамлакат ичкарисида эса яна қарийб тўрт ярим миллион ички қочқин бор.

Суриялик қочқинларнинг 97 фоизи қўшни мамлакатларга чиқишаётганини урғулашар экан, бу мамлакатларнинг иқтисоди, жамияти ва инфра тузилмаларига жуда кучли босим кўрсатилмоқда деб айтган.

БМТ ташкилотига кўра, халқаро ёрдам ташкилотлари ҳам айни инқироздан жабрланганларга кўмак беришга қийналмоқда.

Ҳозир бу ташкилотларга керак бўлган маблағнинг ярми бор, холос.

"Йўқотилган авлодлар"

БМТ Суриянинг "йўқотилган авлодлари" тобора кўпаяётгани, улар мамлакатнинг фуқаролар урушидан кейинги тикланишида кўмак беролмаслигидан хавотир билдиради.

Улардан 118 минг қочқин қандайдир тарзда ўқиш имконига эгалар холос.

"Суриялик қочқинлар икки йилда бир миллионга етган бўлса, бу рақам иккига етиши учун атиги ярим йил керак бўлди", дейди БМТнинг Қочқинлар бўйича агентлиги бош комиссари Антонио Гутеррес.

Унинг сўзларига кўра, вазият ўнгланмаса қочқинлар сони уч миллионга етиши мумкинлигини тахмин қилинмоқда.

БМТ расмийларига кўра, Сурия можароси Африкадаги Руанда геноцидидан кейин ўтган 20 йилда қочқинлар билан боғлиқ энг оғир инқирозни вужудга келтирган.

2011 йил март ойидан буён Сурияда камида 100 минг инсон қурбон бўлган.

Ҳарбий ҳужум сўнгги чорами?

Айни пайтда Америка ва Франса ҳукуматлари Сурия режимининг кимёвий ҳужумга қўл урганига қарши ҳарбий чора кўриш тадоригини давом эттиришмоқда.

Америкага кўра, Дамашқ этакларига уюштирилган кимёвий ҳужум оқибатида 1429 киши қурбон бўлган, улардан 426 нафари болалардир.

Бугун кечроқ Америка Мудофаа вазири Чак Ҳагел ва Давлат Котиби Жон Керри Сенатнинг ташқи алоқалар қўмитасида чиқиш қилишади.

Айни чиқишларда улар Сенатга Американинг Сурия ҳукумати кимёвий қуролларни ишлатганига доир далилларни тақдим этиши кутилмоқда.

Айрим хабарларга кўра, Президент Обама Суриянинг нафақат кимёвий қуроллар омборхонаси, балки бошқа манзилларини ҳам нишонга олиш ниятида экани ҳақида сенаторларга ишора берган.

Бу мавзуда батафсилроқ